6-18 октябрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди.
Мазкур «кичик Олимпиада» ўзбекистонлик ёш атлетлар учун ҳар қачонгиданда омадли келди. Ўйинлар якунига кўра ҳамюртларимиз томонидан умумий ҳисобда 16 та медаль қўлга киритилди. Уларнинг 5 таси олтин, 4 таси кумуш ва 7 та бронза медалларидир. Медаллар сифати бўйича 206 мамлакат ичида 13-ўринни эгалладик.
Бугун тунда ушбу мусобақада иштирок этган спортчиларимиз юртимизга қайтиб келишди. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олинди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Миллий олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан барча спортчиларимизни, уларнинг мураббийларини ва спорт федерацияларини муборакбод этади ва олдинда турган нуфузли мусобақаларда ҳам ушбу зафарли юришни давом эттиришларини тилади.







