Франция парламенти аъзолари президент Эммануел Макроннинг саудиялик журналист Жамол Хашогийнинг ўлими юзасидан изоҳ бермаётганини қаттиқ танқид остига олишди, деб хабар қилмоқда Мir24.tv нашри.
Макрон денгиз флотига ташрифи чоғида воқеа юзасидан изоҳ сўралганда, жавоб беришдан бош тортган. Парламент аъзолари эса бу ҳолатдан норози эканликларини билдиришмоқда. Агар Саудия Арабистони ҳукумати журналистнинг ўлимида айбдорлиги исботланса, у ҳолда Франция ушбу мамлакатга қарши санкциялар жорий этади.
– Мазкур иш юзасидан фактлар аниқланиб, разведка хизматимиз томонидан тасдиқланмагунига қадар бир қарорга келмаймиз, – деди Франция ҳукумати расмий вакили Бенжамен Гриво.
20-октябрь куни Саудия Арабистони Бош прокурори Хашогийнинг ўлими юзасидан 18 кишини қўлга олиниб, сўроқ қилинишини маълум қилган. Франция эса биринчилар қатори журналистнинг ўлдирилишини қоралаб чиқди.






