1

Бир килограммага яқин тилла буюмлар ушлаб қолинди

ЖАМИЯТ 17.10.2014, 18:06
Бир килограммага яқин тилла буюмлар ушлаб қолинди

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тилла буюмларнинг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ бир нечта қонунбузарлик ҳолатларига нуқта қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси хабар бермоқда.

Хусусан, қўқонлик аёлга тегишли сумка божхона кўригидан ўтказилганда, унда божхона баённомасида кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида айтилмаган 75 грамм оғирликдаги тилла буюмлар яширилгани фош бўлди.

Юк сумкасига тилладан ясалган 152 грамм оғирликдаги заргарлик буюмларини яшириб олган пойтахтлик аёлга ҳам божхона назоратидан «эсон-омон» ўтиб олиш насиб этмади.

Назорат-рентген аппарати лентасидан ўтаётган йўл сумкаларидан бирининг экрандаги шубҳали тасвири ўз тасдиғини топди. Божхоначилар томонидан самарқандлик аёлга тегишли мазкур багаж кўздан кечирилганда, унга умумий оғирлиги 198 граммни ташкил қилувчи тилла тақинчоқлар яширилгани аниқланди.

Божхона кўриги давомида бухоролик аёлнинг қинғир қилмишларига ҳам нуқта қўйилди. У томонидан яширинча олиб ўтишга уринилган заргарлик буюмлари олиб қўйилганидан сўнг, унга тегишли сумка нақд 531 граммга енгиллашди.

Мазкур божхона қоидабузарликларининг барчаси Истанбул — Тошкент рейси йўловчилари томонидан содир этилган бўлиб, ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган меъёрларига мувофиқ жисмоний шахсларга Ўзбекистонга кираётганда акциз солиғини тўламасдан умумий оғирлиги 30 граммдан ошмайдиган, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бешта заргарлик буюмини олиб киришга рухсат берилади.

Белгиланган меъёрдан ортиқча олиб кирилган тилла буюмлари учун эса ўрнатилган тартибда божхона тўловлари ундирилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1