Юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳам динимизнинг юқоридаги кўрсатмаларига содиқ қолиб, жойларда инсонлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг қалбига хурсандчилик олиб киришга ҳаракат қилмоқдалар.
Жумладан, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳар 7-сонли клиник шифохонасига 2 та ногиронлар аравачаси етказиб берилди.
Куз фасли ҳам ўтиб бориб, кунлар совий бошлади. Ҳа, қиш эшик қоқмоқда. Совуқ об-ҳавода катталарку бир иложини қилар, аммо болалар шамоллаб қолиши, қийналиши мумкин. Шунинг учун уларни қишки иссиқ кийимлар билан таъминлаш масаласи муҳимдир.
“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан бу муаммони бироз енгиллатиш борасида бир қатор амалий ишлар қилиб келинмоқда.
Шунингдек, Тошкент вилояти Ғазалкент туманидаги 125-сонли ихтисослаштирилган имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига қишки иссиқ спорт костюмлари ва анжомлари етказиб берилди.
Болалар кўзидаги қувонч, ўксик диллардаги сурур, қалб тўридан отилиб чиққан дуолар, Аллоҳ насиб этса, ижобат бўлажак ва Фонднинг бу каби мурувват, олийжанобликка йўғрилган ишлари янада кенг қулоч ёяжак.