“Ўзэкспомарказ”да “Марказий Осиё саноат ҳафталиги – Central Asian Industrial Week” халқаро тармоқлараро форуми иш бошлади, дея хабар бермоқда ЎзА.
Тадбир доирасида “Йўл қурилиши ва махсус техника – UzComak – 2014”, “Тоғ-кон иши – Mining World Uzbekistan – 2014”, “Металлургия ва машинасозлик – Machinery Central Asia – 2014”, “Кимё саноати – Chemie Uzbekistan – 2014”, “Пластмасса саноати – Plastex Uzbekistan – 2014” ва “Полиграфия ва қадоқлаш – O’zbekinprint-O’zupack” халқаро кўргазмалари очилди.
Саноат ҳафталиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзавтойўл” ва “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниялари, Савдо-саноат палатаси томонидан “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияcи ва ITE компаниялар гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Экспозиция йўналишлар бўйича икки йирик секторга бўлинган. Биринчи сектор тоғ-кон саноати, металлургия, машинасозлик, қурилиш ва махсус техника саноатига бағишланган. Ушбу сектор доирасида кон ишларини амалга ошириш учун мўлжалланган йирик қурилиш техника ва машиналари, иккинчи секторда эса кимё, пластмасса, полимерлар, қадоқлаш ва матбаа саноати ютуқлари намойиш этилмоқда.
Жорий йилда мазкур кўргазмалар экспозициясида Ўзбекистон, Хитой, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия, Австрия, Италия, Франция, Нидерландия, Янги Зеландия, Польша, Беларусь, Финляндия, Чехия, Швейцария, Швеция, Қозоғистон каби мамлакатлардан юздан зиёд компания маҳсулотлари ўрин олган.
Бу ерда турли саноат тармоқлари учун мўлжалланган энг сўнгги ишланма ва кенг турдаги ускуналар тақдим этилган.
Халқаро кўргазмалар иштирокчиларининг таъкидлашича, “Central Asian Industrial Week” халқаро форумининг ўтказилиши тажриба алмашиш, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, турдош саноат тармоқлари вакиллари ўртасида узоқ муддатли шартномалар тузиш учун хизмат қилади.
Марказий Осиё саноат ярмаркаси дастури доирасида тақдимот маросимлари, давра суҳбатлари, иштирокчилар ҳамда мутахассислар ўртасида музокаралар ўтказилади.
22.10.2014 09:19





