АсосийJamiyat

Жиноят иши: Чилонзорда киракаш товламачи қўлга олинди

Анвар (исмлар ўзгартирилган) киракашлик қилишни бошлагандан бери ҳалол ризқини топиб еб юрганди. Нима жин урдию, ўша куни ичига шайтон оралади.
Бозор ҳар доимгидек гавжум. Асосан йўловчиларини шу ердан топадиган Анвар бугун ҳам йўл ёқасида секин келаётганида, “шубҳали” қора пакет ушлаб олган бир йўловчи қўлини кўтарди. “Шубҳали” дейишимизнинг боиси, бу пакет тўла пуллигини Анвар дарҳол пайқаганди. Хаёлидан бир муддат шу пакетни қандай қилиб қўлга тушириш ўйи ўтди. Бир томондан шайтонга ҳай беришни ҳам ўйлади. Лекин айнан қулай фурсат туғилиб қолди-да...
- Ассалому алайкум, илтимос, қўшни тумангача етказиб қўйсангиз, - деди эшикни очган йўловчи самимий мулозамат билан.
- Бажонидил, марҳамат, - деди Анвар ҳам унинг қўлидаги пакетдан кўзини олиб қочишга ҳаракат қилиб.
- Ҳа-а, неча пул бўлади?
- Беш минг сўм оғирлик қилмайдими? – деди Анвар кулимсираб.
- Майли, кетдик, - деди йўловчи ва аввал қўлидаги қора пакетни олд ўриндиққа ташлаб, ўзи орқа чўнтагидаги қўл телефонини олиб ўтиришга чоғланганда кутилмаган ҳолат рўй берди. Анвар газни босиб машинасини шундай ҳайдаб кетдики, ҳатто орқасидан ҳай-ҳайлаб қолган йўловчининг овозини ҳам эшитолмади.
“Осон экан-ку пул топиш”, деб ўйлади Анвар ёнидаги қора пакетга кўз ташлаб, машинасини елдириб бораркан. “Аҳмоқ, пулингдан олдин ўзинг ўтирмайсанми машинага?! Ўзи кетгиси келган пул экан-да бу...” Хаёлидан шундай ўйларни кечириб, кўздан пана бир жойда тўхтади ва пакетни очиб пулларни санаб кўрди: нақ 900 минг сўм. “Анчагина муаммони ҳал қилиб олсам бўларкан”, деб ўйлади у ва жойидан қўзғалди...
Эртасига эрталаб ишга чиқаркан, кеча қилган ишини эслаб виждони бироз “ўртади”. “Бир марта қилдим, бас энди”, деб ҳам ўйлади, лекин... Кўчасининг бошида ўртоғи Низомжон уни кўриб, қўлини кўтарди.
- Ҳей, бугун бир нарсалар ўйладим, - деди Низомжон. - Ўзи ҳозиргина сенга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб тургандим. Қани, бозорга ҳайда машинангни…
Улар йўл-йўлакай гапни бир жойга қўйиб, режани пишиқ-пухта қилиб олдилар. Бозорга етиб боргач, йўл бўйида турган валютафурушларнинг ёнига тўхтади. Анвар машинадан тушмай бошини ойнадан чиқариб:
- 200 долларни сўмга айлантиришимиз керак, - деди “қора бозор”да ноқонуний валютафурушлик билан шуғулланиб турганларга қарата.
- Албатта, мана биз-да, - деди улардан бири машинага яқинлашиб.
- Машинага чиқинг, - деди Анвар эшикка ишора қилиб.
У машинага чиққач, бу ердан тўрт-беш метр узоқлашиб, қулайроқ жойда тўхтадилар ва олд ўриндиқда ўтирган Низомжон орқадаги валютафурушга юзланди.
- Хўш, акахон, қанчадан оляпсизлар энди?..
Бироз савдолашишганларидан кейин Низомжон чўнтагидан 200 АҚШ долларини чиқарди. Валютафуруш ҳам бўйнига осиб олган мўъжаз сумкасидан пулларни олиб санай бошлади. Анвар Низомжонга қараб ишора қилди. У “шошмай тур” дегандек киприк қоқди. Валютафуруш пулни узатганда Низомжон чўнтагидан бир гувоҳнома чиқарди ва ичини очиб:
- Акахон, сиз ҳозиргина ноқонуний валютафурушлик билан шуғулланиб, ашёвий далиллар билан қўлга тушдингиз. Биз тегишли идораданмиз. Гувоҳномага яхшилаб қараб олдингизми, - деди Низомжон гувоҳномани тезгина ёпаркан. Унда аллақандай муҳр ва ўзининг сурати бор эди. Валютафуруш бунақа ҳолатни кутмаганидан бир зум довдираб қолди. Унинг нима дейишни билмай қотиб қолганини кўрган Анвар қўлидаги пулга чанг солди.
- Демак, мана ашёвий далил. Ҳозир туман ички ишлар бўлимига борамиз ва ўша ерда ҳаммасига янада аниқлик киритамиз. Сиз хавотир олманг, қолган ҳамтовоқларингизни ҳам секин-аста фош этамиз. Кетдикми, - деди у Низомжонга қараб.
- Шошманглар, акалар, - валютафуруш тилга кирди. – Мен бу ишни яқиндан бери қиляпман. Бола-чақам, тирикчилигим бор.
- Акахон, бизга бунинг фарқи йўқ, сиз аввало қонунни буздингиз. Тирикчилик қилишнинг бошқа қонуний йўллари ҳам кўп-ку, ахир, - деди Низомжон қовоғини ўйиб.
- Тўғри, лекин келинглар, ишни шу ернинг ўзида ҳал қилиб олсак бўлмайдими? Нима десангиз...
Хуллас, улар валютафурушдан қўлга киритган пулларини тенг иккига бўлиб олдилар ва эртага яна учрашишга келишиб хайрлашдилар…
Эртаси кун улар яна бозор ёнидаги ноқонуний валютафурушларнинг ёнига келиб тўхтади. “Сценарий” ўша-ўша. Фақат бугунги “мижоз” бироз дадилроқ чиқди. Икковлон уни ҳар қанча аврамасин, ўз йўриғига киритиши осон кечмади. Ниҳоят, иш машинани туман ички ишлар бўлимининг ёнига олиб боришгача етди. Валютафуруш эса бор пулларини машинага ташлаб қочиб кетишга муваффақ бўлди. Бу эса товламачилар учун ҳам айни муддао эди. Аммо бузоқнинг югургани сомонхонагача, деган нақл бежиз айтилмаган. Товламачилар “тушириб” кетган жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилдилар. Олиб борилган суриштирувлар натижасида киракаш товламачилар тез орада қўлга олинди ва ҳар иккисига нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди.
О. Болтабоев, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани ИИБ ТБ терговчиси, лейтенант
С. Сафаров, журналист

pressnews.uz

    Бошқа янгиликлар