Сўнгги бир йил ичида Хитойда икки мингдан ортиқ киши қатл этилди, дея хабар бермоқда ABC News. «Дуй Хуа» ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамғармаси томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, сўнгги икки йил ичида Хитойда қатллар сони 20 фоизга қисқарган.
Шунга қарамай, Хитой жиноятчи деб топилган шахсларни ўлим жазосига ҳукм қилиш бўйича ҳали ҳам жаҳондаги етакчи мамлакат бўлиб турибди.
Хитойда ўлим жазоси сони билан боғлиқ бу каби ахборотлар давлат сири ҳисобланади, бироқ «Дуй Хуа» фаоллари ушбу маълумотларни «суд вакилидан олишган»лигини таъкидлашмоқда.
«Суд вакили»нинг қайд этишича, камайган қатллар сони ўрни, катта эҳтимол билан, тўлдирилади. Унинг сўзларига кўра, Шинжон-Уйғур мухтор округидаги кескин ҳолат бунга сабаб бўлади – Хитой ҳукумати бу ерда «Ал-Қоида» билан алоқадор экстремистик гуруҳ фаолият олиб бораяпти, деб ҳисобламоқда.
Хусусан, Шинжон-Уйғур мухтор округидаги аксилтеррор кампанияси доирасида юзлаб кишилар судланди, ўтган ҳафта эса маҳаллий суд 12 кишини ўлим жазосига ҳукм қилди.
Ҳозирги вақтда Хитой суд тизими мамлакатда ҳукмрон Коммунистик партия назорати остида турибди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг маълумотларига кўра, деярли 100 фоиз ҳолатларда айбловчи ҳукмлар чиқарилади, айбланувчининг иқрорномасини олиш учун қийноқлардан фойдаланиш эса мамлакатда кенг тарқалган амалиёт ҳисобланади.
kun.uz





