АсосийJamiyat

Самарқандда отасига "Spark" совға қилмоқчи бўлганлар кўпайди

'Самарқандда отасига "Spark" совға қилмоқчи бўлганлар кўпайди'ning rasmi

Жорий йил февраль ойида юртимизда илк бор ўтказилган “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Моҳинисо Шомуродова биринчи ўринни эгаллади.

Ушбу муваффақияти туфайли Президент совғаси – “SPARK” автомобили билан тақдирланган ёш китобхон машинани отасига туҳфа қилишини айтган эди.

Шундан сўнг китоб ўқиб отасига машина совға қилишни истаган ёшлар кўпайгандан кўпайди. Фикримиз тасдиғини “Ёш китобхон” танловининг Самарқанд вилоятидаги бу галги саралаш босқичларида иштирок этганлар ўтган йилгидан бир неча баробар кўпайганида ҳам кўриш мумкин, деб ёзмоқда ЎзА.

– 2017 йили танловнинг саралаш босқичларида 17 минг 120 нафар ёш қатнашган эди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши бўлим бошлиғи Э.Улуғмуродов. – Бу йил эса 77 минг 350 нафар йигит-қиз ўзининг нечоғли китобхон эканини кўрсатишга ҳаракат қилди. Албатта, бу йил танлов ўтган йилгидан фарқли равишда, 10-14 ёшлилар қўшилган ҳолда, уч хил ёш тоифасида ўтказилмоқда. Лекин барибир танловда қатнашишни истаганлар кўпайгани ҳақиқат. Бу ёшларнинг китобга қизиқиши ортганидан далолат беради.

Самарқанд шаҳрида уч кун давом этган танловнинг вилоят босқичида туман ва шаҳарлардан келган 48 нафар иштирокчи 10-14, 15-19 ва 20-30 ёш тоифаларида яна бир бор синовдан ўтди.

Китобхон ёшлар буюк мутафаккир ва адибларнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, бадиий асарлар ҳақидаги билим ва тушунчаларини савол-жавоблар орқали намоён этди. Ўзлари ўқиган асарлар ҳақида гапириб берди. Бири биридан зукко, билимдон, энг муҳими, китобсевар ёшлар орасидан энг кучлиларини танлаш ҳакамлар учун осон бўлмади. Баллар сарҳисоб қилингандагина ғолиблар номи аён бўлди.

Шу тариқа Пахтачи туманидаги 24-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Маҳлиё Ўроқова, шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Машҳура Камолова ҳамда Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультетининг 1-курс магистранти Камола Мусурмонова энг юқори натижа қайд этиб, “Ёш китобхон” танловининг мамлакат босқичига йўлланма олди.

    Бошқа янгиликлар