1

Тошкентда «Инновация – 2014» XIX халқаро илмий-амалий конференцияси бошланди

ЖАМИЯТ 24.10.2014, 09:22
Тошкентда «Инновация – 2014» XIX халқаро илмий-амалий конференцияси бошланди

Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази томонидан Навоий кон-металлургия комбинати, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда илм-фан, таълим соҳаси, саноат тармоқлари вакиллари, тадбиркорлар, чет эллик олимлар иштирок этмоқда, дея хабар беради ЎзА.

Конференцияда инновациялар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни ҳимоя қилиш ва такомиллаштириш, янги саноат ва молиявий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш соҳаси фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот сифатини ошириш, унинг экспортбоплигини таъминлашга доир вазифаларни ҳал этишда муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз юритилди.

Ўзбекистон илм-фани бугунги кунда ўзгариб бораётган бозор талабларига жавоб берадиган, юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган инновацион иқтисодиётнинг технологик базасини яратиш борасида улкан имкониятларни намоён этмоқда. Моҳиятига кўра ноёб бўлган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар, жумладан, инновация лойиҳалари амалга оширилишини таъминлайдиган академик ва олий ўқув юрти илм-фанининг ривожланган сектори фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз илм-фани давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани самарасида янги тадқиқот йўналишларини яратиш ва мавжудларини ривожлантириш учун қулай шароит яратмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 7 августда қабул қилинган «Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида», 2008 йил 15 июлда имзоланган «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва 2010 йил 15 декабрдаги «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорлари инновацион фаолиятни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Халқаро форум иштирокчилари таъкидлаганидек, узоқ муддатли инновацион тараққиётнинг асосий мақсади хорижий илм-фан салоҳияти ва технологияларидан фойдаланиш асосида ва мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилишнинг устувор вазифаларини амалга оширишга қаратилган миллий ишланмалар ёрдамида рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар яратишни таъминлайдиган очиқ турдаги инновацион тизимни шакллантиришдан иборат. Шу муносабат билан конференцияда мамлакатимизни инновацион ривожлантириш жараёнларини жадаллаштириш борасидаги муҳим вазифани ҳал этиш учун саноатчилар, олимлар ва тадбиркорлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Мамлакатимизда 1996 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Инновация» халқаро илмий-амалий конференцияси ушбу мақсадга эришишга хизмат қилмоқда. Мазкур анжуман инновацион маданиятни шакллантириш, инновацион-технологик ривожланиш масалалари бўйича олимлар, саноатчилар, тадбиркорлар ва ёшлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз илм-фани ютуқларини намойиш этиш, халқаро тажрибани ўрганиш ва хорижий иштирокчилар билан кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришга ёрдам бермоқда.

– Жамиятимизда инновацион маданиятни шакллантириш, яъни инновациялар зарурлигини тушуниш ва хилма-хил инновацияларни ўз вақтида қабул қилиш қобилияти инновацион ривожланиш жараёнининг муҳим босқичидир, – дейди Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази директори, профессор О.Қодиров. – Ўтган йиллар мобайнида ўтказилган конференциялар мамлакатимизни инновацион ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшди. Илк тадқиқотларимиз ҳимоя қилинган ўнлаб номзодлик ва докторлик диссертациялари, иқтисодиётимиз турли тармоқларидаги янги технологиялар, маҳсулот ва хизматлар шаклида ҳаётга татбиқ этилди.

Сўнгги йилларда Тармоқлараро стратегик инновациялар ва ахборотлаштириш маркази саноат корхоналари билан иқтисодиётимиз учун муҳим бўлган қатор лойиҳаларни амалга оширди. Чунончи, марказ олимлари томонидан ишлаб чиқилган дастурлар хомашёни қайта ишлаш жараёнини бошқаришни автоматлаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, электр ва иссиқлик энергияси тежашга қаратилган. Бунинг самарасида ишлаб чиқариш сарф-харажати камайиши ва саноат корхоналари фаолиятининг иқтисодий самарадорлиги ошиши таъминланди.

Олий ўқув юртларида олиб борилаётган тадқиқотлар тармоқ ва корхоналарнинг муайян эҳтиёжига йўналтирилаётгани комплекс вазифаларни ҳал этиш имконини бермоқда. Жумладан, ишлаб чиқариш ва унинг талабларидан хабардор бўлган мутахассисларни тайёрлаш кенгаймоқда. Улар талабалик пайтидаёқ корхоналар буюртмасини бажаришда фаол иштирок этмоқда. Бу, ўз навбатида, реал секторга ишлаб чиқариш технологияларини жадал модернизация қилиш ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш имконини бераётир. Ёшлар ва таълим масалалари конференция шўъба мажлисларидан бирининг мавзуси сифатида бежиз танлангани йўқ. Мазкур масалалар муҳокамаси талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашга нисбатан инновацион ёндашувларни кўриб чиқиш ва жорий этиш имконини беради.

– Ўзбекистонда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси механизмини мустаҳкамлашга қаратилган илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ўз самарасини бермоқда, – дейди Жанубий Урал давлат университетининг иқтисодиёт ва молия кафедраси профессори А.Бутрин (Россия). – Олимлар ва ишлаб чиқувчилар томонидан яратилган илғор технологияларнинг кенг жорий этилиши самарасида ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган рақобатбардош илмий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, янги иш ўринлари яратилмоқда ва аҳоли даромадлари ошмоқда.

Конференцияда муҳим илмий-амалий ва таълим йўналишлари бўйича маърузалар тингланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1