1 млн. 416 минг сўмлик аудио-видео кассеталар ва дисклар мусодара қилинди

ЖАМИЯТ 24.10.2014, 10:17
1 млн. 416 минг сўмлик аудио-видео кассеталар ва дисклар мусодара қилинди

Ҳозирги кунда аудио-видео кассеталари бозори чаққон маҳсулотлар сирасига кириши ҳеч кимга сир эмас. Аммо масаланинг яна бир муҳим жиҳати борки, бу ушбу фаолият турини қонуний асосда бўлиши тақозо этади. Боиси бу каби маҳсулотлар миллий менталитетимиз, миллий қадрият ва анъаналаримизга зид бўлган мафкура воситаси бўлиши ҳам мумкин. Афсуски, олиб борилаётган рейд тадбирлари натижасида ана шундай салбий ҳолатлар аниқланмоқда, деб ёзади soliq.uz сайти.

Фарғона вилояти ва ҳудудий давлат солиқ инспексиялари ходимлари томонидан бозорлар, автошоҳбекатлар, умуман аҳоли гавжум жойларда ноқонуний маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш юзасидан кунлик назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, солиқ қонунчилигига риоя этмаган ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўрилиши таъминланади.

2014 йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида ўтказилган тадбирларда 197 нафар “устамон”лар ҳокимият ва солиқ органларидан рўйхатдан ўтмай, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётгани аниқланди. Улардан турли мазмундаги 103 минг 285 дона – 1 млн. 416 минг сўмлик аудио-видео кассеталар, турли русумдаги лазер дисклар далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Ўтказилган текширишларда тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун жиноий ишлар бўйича шаҳар ва туман судларига юборилиб, олиб қўйилган сифатсиз далилий ашёлар мусодара этилди, қонунда белгиланган тартибда йўқ қилинди. Қоидабузарлик содир этган 171 нафар “устамон”га суд идоралари томонидан маъмурий тартибда жарималар қўлланилди ва ундириб олинди. Ҳозирда 19 та текшириш ҳужжатлари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қўқон шаҳар ДСИ ҳамда Ўзбекистон Республикаси ДСҚ Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси вилоят бўлими ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги рейд тадбирида яна бир сохта тадбиркорнинг фаолиятига нуқта қўйилди. Хусусан, “Қўқон савдо комплекси” МЧЖдаги дисклар шохобчаси сотувчисининг фаолияти ўрганилди. Маълум бўлишича, у бозор ҳудудида ҳеч қандай ҳужжасиз, махсус лицензиясиз фаолиятни йўлга қўйган. Шу тариқа унинг 303 дона лазер дисклари савдоси тўхтатилди. Буни қарангки, бу унинг йил давомида такроран дисклар савдосини амалга ошираётганини фош этди. Натижада сотувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Қўқон шаҳар ДСИ ходимлари томонидан яна бир рейд тадбири шаҳар прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўлими билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи И.Рамзбек ўзининг яшаш хонадонида қонунга зид равишда лазер дискларга нусха кўпайтириш яширин цехини ташкил этгани аниқланди. Якунда яширин цехнинг қўлбола маҳсулотлари бўлган 32 турдаги – 7138 дона сифатсиз дисклар ашёвий далил тариқасида олинди. Текшириш ҳужжатлари ҳуқуқий хулоса бериш учун Қўқон шаҳар ДСИнинг Маъмурий амалиёт шўъбасига топширилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1