Ҳаёт инсонни ҳар он, ҳар дақиқада тарбиялаб боради. Ҳар бир инсонга эса хатосини тузатиш учун имкони бериш кифоя. Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида суд залидан озод қилинган ёшлар келгусида нима билан шуғулланади.
Тўғри, уларнинг кўпчилиги ишлаб чиқариш корхонаси ёки фермер хўжалигига бириктириб қўйилади. Шунингдек, уларнинг жиноят содир этишга мойиллиги ҳисобга олиниб, 386 нафар ёшнинг ҳар бирига ҳудудларда фаолият юритаётган Темурбеклар мактаби ҳамда ҳарбий қисм офицерлари масъул этиб бириктирилган.
“Мамлакатимизда жиноятчиликни олдини олишнинг долзарб масалалари ва келгусидаги вазифалар” мавзусидаги республика амалий анжуманида ёшлар учун яна бир ибрат мактаби ташкил этилгани қайд этилди. Балки бу ибрат эмас, фикр мактабидир. Нима бўлганда ҳам 450 нафардан зиёд тарбияси оғир, ИИБ профилактик ҳисобида турувчи, жиноят содир этишга мойиллиги юқори бўлган вояга етмаганлар жазо ўташ муассасаларига олиб борилди.
Улар жазо муддатини ўтаётган тенгдошлари билан учрашди. Мулоқот қилиб, маҳкумларнинг дил сўзлари, изтироб ва азобли пушаймонларини тингладилар.
Бу ердаги шароит, ота-она бағридаги, эркин ҳаётдан тубдан фарқ қилишига яна бир бор гувоҳ бўлган бу ёшлар ўзлари учун тўғри ва бахтли ҳаёт йўлини аниқлаб олишларига ишонилмоқда. Биз ҳам шунга умид қиламиз. Зеро, ёшлари бахтли мамлакатнинг ота-оналари ҳам бахтиёр яшайдилар.