АсосийJamiyat

Тошкент давлат техника университетида хориждаги ватандошимиз маҳорат дарсларини ўтди

'Тошкент давлат техника университетида хориждаги ватандошимиз маҳорат дарсларини ўтди'ning rasmi

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Жанубий Кореянинг Сежон университети илмий ходими Элёржон Жумаев маҳорат дарсларини ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президентимизнинг жорий йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кўплаб амалий саъй-ҳаракатларда дастуриламал бўлмоқда.

Маҳорат сабоқлари ва дарсларда талабалар, магистрлар, докторантлар иштирок этди. Университетнинг илмий салоҳиятини кўтариш мақсадида профессор-ўқитувчиларни Жанубий Кореянинг Сежон университетида малакасини ошириш ва ҳамкорликда илмий изланишларни олиб бориш борасида ҳамкорлик шартномаси тузиш масалалари кўриб чиқилди.

Элёржон Жумаев кўплаб халқаро конференцияларда иштирок этган. Дунё олимларининг фикри, ғоялари, янгиликларидан яхши хабардор. Шу боис, ватандошимиз ўз соҳасидаги ютуқлар, камчиликлар, қилиниши лозим бўлган ишларни юртимиз ёшларига ўргатиш ниятида. Бугунги кун ёшларининг салоҳияти, интеллектуал даражаси юксаклигини эътироф этар экан, хорижликларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбек эканидан фахр-ифтихор туйишини қайд этди.

– Бугунги кун ёшлари хорижда таҳсил олиши, илмий тадқиқотлар олиб бориши, таълимнинг кейинги босқичларини ўташи мумкин, – дейди Э.Жумаев. – Бунинг учун ўз соҳасини яхши билишдан ташқари, хорижий тилларни ҳам мукаммал ўзлаштириши муҳимдир. Қайсидир маънода бир авлод вакиллари бу имкониятга эга бўлмай қолди. Лекин ҳозирги ўзбек ёшлари бу борада ҳам ўзини кўрсата оляпти. Шундан қувонаман.

Юртимизга таклиф этилаётган хориждаги ватандошларимиз ўз билим ва касбий маҳоратини турмушимиз фаровонлиги, юртимиз ривожи, иқтисодий, техник юксалиши учун сарфлашга тайёр. Бу келгусида қилинадиган ишлар, ислоҳотларда муҳим аҳамият касб этади.

    Бошқа янгиликлар