Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий инспекциялари томонидан давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда назорат тадбирлари амалга оширилмоқда. Ҳужжатсиз фаолият юритаётган тадбиркорлар аниқланганда, уларга зарур ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Фарғона шаҳрида ўтказилган тадбирлар натижасида 39 нафар фуқаро давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди, фаолиятини қонуний тарзда давом эттириш учун керакли тавсиялар берилди. Шу билан бирга, ҳужжатсиз фаолият юритаётган 20 нафар фуқарога тегишли бўлган 102,6 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида вақтинча сақлаш учун олинди.
Хусусан, олинган тезкор маълумотлар асосида Фарғона шаҳар давлат солиқ инспекцияси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона шаҳар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда назорат тадбири ўтказилиб, Ал-Фарғоний кўчасида турган Қувасой шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М.Х. бошқарувидаги ISUZI русумли юк машинаси кўздан кечирилганда, транспорт воситаси юкхонасидаги цитрус меваларни бирор ҳужжатсиз Қувасой шаҳрига сотиш учун олиб кетилаётганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳужжатсиз тарзда сотишга мўжжаланган3 хил турдаги 193 қути, қарийб 41 млн. сўмлик цитрус мевалар далилий ашё сифатида олинди.
Бундан ташқари, ноябрь ойида Фарғона шаҳри П.Маҳмуд кўчасида жойлашган савдо мажмуасида ўтказилган тадбирлар давомида марғилонлик тадбиркор К.Ж. фаолияти ўрганилганда, фуқаро назорат касса машинаси ва тўлов терминали билан жиҳозланмаган савдо шохобчасида ҳеч қандай ҳужжатсиз телефон ва аксессуарлар сотиш билан шуғулланаётганлиги аниқланган.Тадбир якунлари бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 1127 дона 13 млн. сўмдан ортиқ қийматдаги товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида вақтинча олинди.
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси






