Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига мувофиқ Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини текшириш учун комплекс ўқув машғулотлари бўлиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилга қадар Ўзбекистон армиясида бу каби кенг кўламли тўсатдан текширув ўтказилмаган. Ушбу ўқув машғулотларида Мудофаа вазирлигининг барча қўшин турлари иштирок этди.
Текширув давомида ўтказилган махсус-тактик машғулотлар ҳарбийларимизнинг юксак профессионаллиги, армиямизнинг юқори жанговар шайлигини намоён этди.

28 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳарбий округидаги “Чирчиқ” дала-ўқув майдонида Қуролли Кучларимиз асосини ташкил этаётган Мудофаа вазирлиги қўшинларининг ўқув-жанговар машғулотларини кузатди. Профессионаллиги билан алоҳида намуна кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни эсдалик совғалари билан мукофотлади.
Тўсатдан текширувларнинг якунлари бўйича Ўзбекистон мудофаа вазирининг буйруғи билан қўшинлар тезкорлиги, жанговар шайлиги ҳамда ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, хусусан комплекс машғулотларда алоҳида намуна кўрсатган 300 нафардан зиёд ҳарбий қисм ва муассасаларнинг ҳарбий хизматчилари “NAMUNALI XIZMATI UCHUN” кўкрак нишонлари, пул мукофотлари, эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Жумладан, “Чирчиқ” дала ўқув майдонида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов 8 декабрь – Конституция куни арафасида Тошкент ҳарбий округи ҳарбий хизматчиларига мукофотларни тантанали тарзда топширди.

Шунингдек, мудофаа вазири ўринбосарлари байрам арафасида барча ҳарбий округларда вазирлик қўшинларининг комплекс текширувлари якуни бўйича юқори натижаларга эришган ҳарбий хизматчиларга мукофотларни беришди.






