Бугун, 11 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Навоий кўчасида 4-автобус саройи МЧЖга қарашли "Mercedes-Benz Low Floor" русумидаги йўловчи автобуси ёниб кетди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Қайд этилишича, "Эркин – Олой бозори" йўналишида ҳаракатланган автобусда тўсатдан ёнғин чиққан.
Ёнғин ҳақида навбатчи қисмга соат 7:23 да маълумот келиб тушган. Ўт ўчирувчилар саъй-ҳаракати билан 7:29 да ёнғин ўчирилган. Ҳайдовчи ва йўловчилар жабрланмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга автобуснинг ёқилғи тизимидаги носозлик сабаб бўлган.






