Урганч шаҳрида 28-29 октябрь кунлари “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда ЎзА. Шу муносабат билан агентлик мухбири бир неча иштирокчи билан айнан шу мавзуда суҳбатлашди.
Нено Кукурич, Ер ости сувлари ресурсларини баҳолаш бўйича халқаро марказ (IGRAC) директори (Нидерландия):
– Орол муаммоси нафақат муайян мамлакат ёки минтақа, балки жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масаладир. Урганчда ўтадиган конференция минтақадаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган самарали дастур ҳамда лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Сув танқислигини олдини олишнинг энг мақбул йўли ундан самарали фойдаланишдир. Ўзбекистонда сув ресурсларидан тежамли, мақсадли ва оқилона фойдаланиш чоралари кўрилаётгани эътиборга молик. Бу борада мамлакатингизнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш устида иш олиб бормоқдамиз.
Исмоил Маҳбуб, Малайзия экспорт-импорт банки директори:
– Халқаро анжуман арафасида кўп йиллик ниятим ушалганидан – Ўзбекистондек мафтункор диёрга келганимдан жуда бахтиёрман. Тошкент ва Самарқанддек қадимий ва айни пайтда замонавий шаҳарларингиздаги ноёб меъморий обидалар, тарихий ёдгорликларни кўриш, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконига эга бўлганимдан хурсандман. Ўзбекистон сайёҳлик борасида улкан салоҳиятга эга эканига амин бўлдим. Кўплаб малайзияликлар бежиз бу юртга келишга катта қизиқиш билдирмас экан. Зеро, бу фусункор ва жаннатмонанд диёрнинг ҳар қарич ери муқаддас, ҳар гўшаси файзлидир.
Тошкентдаги бир неча банклар фаолияти билан танишдим. Шунга ишонч ҳосил қилдимки, Ўзбекистонда ғоят барқарор ва ишончли банк тизими шаклланган. Банкларнинг пухта механизм асосида иш юритиши менда катта таассурот қолдирди.
Урганчда ўтадиган халқаро анжуман Оролбўйи минтақаси муаммосига ечим топишда муҳим аҳамият касб этишига ишонамиз.
Хуан Алберти, “Oproler” компанияси директори (Испания):
– Компаниямиз сувни тозалаш ва энергика тармоғида илғор техника ва технологиялар ишлаб чиқаради. Маҳсулот ва хизматларимизни ўзбекистонлик мутахассисларга таклиф этиш, бу борада яқин ва фаол ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан мамнунмиз.
Орол инқирозининг атроф-муҳитга, одамлар ҳаётига салбий таъсирини камайтириш бугунги кундаги муҳим вазифа ҳисобланади. Ўйлайманки, халқаро конференцияда жаҳон ҳамжамияти ҳамкорлигида бу борада самарали лойиҳалар ишлаб чиқилади.
Конференцияда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, фикр алмашиш, ахборот олиш ҳамда бу борада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб боришни режалаштиряпмиз.





