АсосийJamiyat

Кўзи ожизлар ўртасида “Компьютер саводхонлиги” республика кўрик-танлови бўлиб ўтди

Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви ташаббуси билан кўриш имконияти чекланганлар ўртасида “Компьютер саводхонлиги” республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Республикамизда яшовчи кўзи ожизларнинг компьютер саводхонлиги бўйича имкониятларини кенгайтириш, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан мулоқотини янада кенгроқ йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган ушбу кўрик-танловда республиканинг барча ҳудудларидан 15 нафар компьютер билимдонлари беллашди.

Кўрик-танлов доирасида “Кўриш бўйича имконияти чекланган шахсларни компьютер саводига ўргатиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда сўзга чиққанлар Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти тизимида кўриш имконияти чекланган шахсларга компьютер саводхонлигини ўргатишнинг ҳозирги аҳволи, уларнинг ҳуқуқий асосларини ўрганиш, мавжуд ижтимоий шарт-шароитлар ҳақида тўхталишди.

Кўрик-танловда биринчи ўрин Фарғона вилояти, иккинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси, учинчи ўрин эса Қашқадарё вилояти вакилларига насиб этди. Ғолиблар ва барча иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Манба: “Туркистон-Пресс”НАА

    Бошқа янгиликлар