Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида ички ишлар органларида тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш имконини берувчи тизимлар билан жиҳозланган 16та махсус хона ташкил этилгани қайд этилди.
- Гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан зўравонликка мутлақо чек қўйиш мақсадида вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига 1 814 та, тергов ҳибсхоналарига 123 та, реабилитация марказларига 283 та замонавий видеокузатув воситалари ўрнатилди, - дейди Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Д.Назармуҳамедов. - Тергов қилинган 41 985 жиноят ишларининг 72,4 фоизи тугатилиб, судларга юборилди. Қидирув тадбирлари ҳамда тергов ҳаракатларининг тўғри ташкил этилганлиги натижасида аввалги йилларда фош этилмасдан қолаётган 1 774 та жиноят фош этилди.
Республика ҳудудида жиноят содир этиб, суд ва тергов идораларидан яширинган қидирувдаги 13 334 нафар шахснинг 3 717 нафари ушланди. Жиноят оқибатида етказилган 241 млрд. сўм миқдоридаги зарарнинг 182 млрд. сўмдан зиёди ёки 75,5 фоизи жабрланганлар фойдасига ундириб берилди.
Шу билан бирга, ходимлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларга чек қўйиш, фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончини орттириш борасида қатор тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда. Хусусан, ўзига пора сифатида берилган пулларни олмасдан, пора бериш жиноятини фош этишда шахсий ташаббус кўрсатган 73 нафар ички ишлар органлари ходимлари 118,8 миллион сўм миқдорида моддий рағбатлантирилди.
Жорий йилда ходимлар томонидан пора олиш жинояти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баробарга камайди.
Эгаллаб турган лавозимида беш йилдан ортиқ хизмат қилаётган 108 нафар раҳбар ходимларнинг фаолияти танқидий ўрганилиб, улардан 61 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва ўрнига ташаббускор янги раҳбарлар тайинланди.
Ўз навбатида, ички ишлар органларида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва уларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 361 736 мурожаат атрофлича кўриб чиқилди ва уларнинг 87,2 фоизи фуқаролар томонидан кўтарилган муаммоли масалалар ижобий ҳал этилди.
Аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳал этилиши устидан назорат кучайтирилиб, ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан 73 744 фуқаролар қабуллари ўтказилди.
Шу билан бир қаторда, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорликка йўл қўйган 346 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган. Шундан 115 нафарига жарима, 227 нафарига “хайфсан” интизомий чоралари қўлланилиб, 3 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва бир нафари ички ишлар органлари сафидан бўшатилган.






