1

Тармоқда "қармоқ"қа илинганлар

ЖИНОЯТ 17.12.2018, 14:49
Тармоқда "қармоқ"қа илинганлар

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда дин ниқоби остида ёшларни чалғитиб, уларни тўғри йўлдан адаштирувчи «тарғиботчилар» кўпайиб бормоқда. Улар сафларига ишонувчан ёшларни жалб қилиб, ўз мақсадлари йўлида фойдаланишмоқда. Афсуски, бундай ёшлар бизнинг юртимизда ҳам учраб турибди.

Тўрткўл туманида яшовчи Аъло Турмоновнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) уйида ўтказилган профилактик тадбир жараёнида унга тегишли уяли телефон кўздан кечирилганида, телефон аппаратининг хотирасида ақидапарастликни тарғиб қилувчи, тақиқланган видеоматериаллар мавжудлиги маълум бўлди.

Суриштирув ишлари давомида маълум бўлишича, фуқаро А.Турмонов 2017-2018 йилларда Россия Феде­рация­сининг Москва шаҳри ҳудудида ўзига тегишли уяли телефон аппаратининг хотирасига интернет тармоғидан ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни қонунга хилоф равишда юклаб, уларни кейинчалик тарқатиш мақсадида яширин тарзда республикамизга олиб кирган.

Нукуслик фуқаро Камрон Бектурдиев эса 2017 йилда Қозоғистон Республикасининг Актау шаҳрида мавсумий ишларда ишлаб юриб, интернет тармоғидаги сайтларда мавжуд бўлган ақидапарастлик мазмунидаги фикр ва ғояларга кўр-кўрона ишониб, уларни ўзининг уяли телефонига юклаб, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларга тарқатиб келган.

Беруний туманида яшовчи ака-ука Убай ва Толип Муҳсиновлар ҳам Россия Федерациясининг Москва шаҳри ва вилояти ҳудудларида ишлаб юриб, интернет тармоғидаги ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи файл­ларни кўчириб олиб, ушбу материалларни божхона назоратидан яшириб республикамизга олиб кирган ва ўз танишларига тарқатган.

Албатта, бу каби ҳолатлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўз вақтида аниқланиб, айбдорлар қонуний жазога тортиляпти. Ёшларимиз ижтимоий тармоқларда “қармоқ” ташлаб ўтирган кимсаларнинг қўлига тушмаслиги учун нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки ота-оналар ҳам ҳушёр бўлсалар, юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг олди олинарди.

Исломбек МАТУРАЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи

"Ҳуқуқ" газетасидан олинди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1