1

​Хотини ва қизини пичоқлаган 70 ёшли эркакка жазо тайинланди

ЖИНОЯТ 18.12.2018, 10:43
​Хотини ва қизини пичоқлаган 70 ёшли эркакка жазо тайинланди

... 2018 йилнинг 3 август куни тахминан соат 12.30лар атрофида Мурод Салимов (мақоладаги исм – шарифлар ўзгартирилди) хотини билан айтишиб қолади. Ота – онасининг жанжалидан безиб қолган Ноила Салимова уларни тинчлантиришга ҳаракат қилади. Бироқ унинг бу иши кўзи қонга тўлган отага ёқмайди. Ота бўлмиш қўлига илинган ошхона пичоғи билан қизининг қорин қисмига жароҳат етказади.

Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Н. Салимованинг баданидаги жароҳатлар ҳаёт учун хавфли саналган оғир тан жароҳатлари туркумига киради.

Кутилмаганда юз берган ҳодиса, табиийки, К. Салимовани шошириб қўяди. «Нима қилиб қўйдингиз? Қизимни ўлдирдингиз-ку» дея қаттиқ бақирган аёл чап кўкрак қафасига етказилган зарбадан ҳушини йўқотади. Чунки оила бошлиғи дод – вой қилаётган рафиқасини ҳам йиғма пичоқ ёрдамида “тинчитмоқчи” эди.

«Қўрқитиб қўймоқчи эдим»

Ўша куни бувиси ва бувасининг жанжаллашаётганидан қўрқиб кетган Комила қўшниси Фарида Комилованинг уйига чиқади. «Бувим билан бувам уришиб қолишди, илтимос, бизникига чиқинг» дея қўшни аёлни уйига бошлаб келган қизалоқ икки жон ҳаётини сақлаб қолди. Фарида Комилова қўшни хонадоннинг кириш эшигини очгани ҳамон полда, қорнини ушлаб ётган Ноила Салимовани кўради ва қўрқиб кетади. Сал нарироқда қаддини кўтаришга ҳаракат қилаётган Карима Салимова қўшнисига эри пичоқлаганини айтиб, ёрдам сўрайди. Хайриятки, ўз вақтида кўрсатилган тез тиббий ёрдам она – бола ҳаётини сақлаб қолди.

Судланувчи Мурод Салимов судда айбига тўлиқ иқрор бўлиб, хотини ва қизини қасддан пичоқламаганини айтди.

Мурод Салимов:

— Ўша куни уйда 250 грамм ароқ ичгандим. Алкоголь таъсирида эканимни билган хотиним мени ҳақорат қила бошлади. Унинг гапидан қаттиқ жаҳлим чиқди ва ётоқхонага кириб, йиғма пичоқ олиб чиқдим. Мақсадим, хотинимни қўрқитиб қўйиш эди. Ортга қайтиб, унга бақирдим. У эса меҳмонга келган қизимнинг олдида менга гап қайтарди: «Зўр бўлсангиз, кўчадагиларга кучингизни кўрсатинг»,деб. Шу гап ҳаммасидан ошиб тушди. Жаҳл устида қўлимдаги пичоқни қорнига тиқиб олдим. Қизим югуриб келиб, ёқамдан ушлади ва «Нима қилиб қўйдингиз», деб бақирди. Кейин нима бўлганини билмайман. Мастликда қизимни ҳам пичоқлабман.

Ичкилик таъсирида бўлса-да, М. Салимов нима қилиб қўйганини яхши билган: воқеа жойидан яшириниш мақсадида пичоқни ётоқхона жавони устида қолдириб, укасиникига равона бўлган.

Судда кўрсатма берган Карима Салимова турмуш ўртоғига нисбатан даъвоси йўқлигини айтиб, унга енгиллик берилишини сўради. Жабрланувчининг кўрсатмасида келтирилишича, ўша куни эри ичкилик таъсирида бўлган. Унинг фикрига кўра, «Онамни ҳақорат қилманг, у бундай аёл эмас» дея жанжалга аралашган қизи Н. Салимовани ҳам атай пичоқламаган.

Ноила Салимова судда онасининг гапини тасдиқлади. Ўша куни ота – онасиникига меҳмонга келгани, отаси ичкилик ичгани, жанжал маҳали ҳуши ўзида бўлмаганини сўзлаб берди.

Суд ҳужжатидан: Мурод Салимов 1948 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти ўрта. Оилали, беш фарзанди бор. Нафақада, муқаддам судланмаган.

Суд судланувчи М. Салимовга жазо тури ва миқдорини тайинлашда маст ҳолда жиноят содир қилганлигини ЖК нинг 56-моддасида назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар, деб топиб; айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ёшини, нафақадалигини, муқаддам судланмаганини, жабрланувчилар билан ярашганини, жабрланувчиларнинг судланувчига моддий ва маънавий даъвоси йўқлигини ЖКнинг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътироф этди.

Суд залидан озод қилиндими?!

Мурод Салимов ЖКнинг 109-моддаси, 2-қисми ва 104–моддаси, 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил–кесил 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди судьяси

Ғафур Амонов билан ҳамкорликда тайёрланди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1