Тошкентда Халқаро гимнастика федерацияси 80-конгресси бошланди

ЖАМИЯТ 29.10.2014, 19:20
Тошкентда Халқаро гимнастика федерацияси 80-конгресси бошланди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли мамлакатимиз ёшлари онгу-шуурида она-Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғулари шаклланиб, уларнинг халқаро майдонларда Ўзбекистон номини улуғлашга бўлган иштиёқ ҳамда интилишлари тобора юксалиб бормоқда. Турли халқаро мусобақалар, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларида вакилларимизнинг зафар қучиб, мустақил юртимиз шуҳратини дунёга ёйишга ҳисса қўшаётгани бунинг ёрқин далилидир, деб хабар беради ЎзА.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар халқаро спорт жамоатчилиги томонидан юксак баҳоланмоқда. Халқаро гимнастика федерацияси саксонинчи конгресси Ўзбекистонда ўтказилаётганида ҳам катта маъно бор. Бу мамлакатимизда спорт, хусусан, гимнастикани ривожлантиришга қаратилаётган эътиборнинг яна бир эътирофидир.
Бугунги кунда Халқаро гимнастика федерациясига 140 дан зиёд миллий федерация аъзо. Конгрессда саксондан ортиқ мамлакатдан 240 га яқин делегат қатнашмоқда.
Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти, Осиё гимнастика иттифоқининг фахрий президенти Л.Каримова-Тиллаева, Халқаро гимнастика федерацияси президенти, профессор Б.Гранди ва бошқалар Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Бугун нафақат шаҳарларда, балки олис ва чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мажмуаларига кўзингиз тушади. Ўзбекистонда болалар ва ёшларни спортга жалб қилиш бўйича уч босқичли тизим шакллантирилди. «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақалари нафақат етук спортчиларни тайёрлаш ва тарбиялаш мактабига, айни вақтда жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омилига айланди. 

 Гимнастиканинг барча турлари ушбу вазифани бажаришда муҳим роль ўйнайди. Негаки, ушбу спорт тури билан шуғулланиш нафақат инсоннинг жисмоний гўзаллигини шакллантиради, балки унинг феъл-атвори, энг яхши фазилатларини ривожлантиради, иродасини чиниқтиради, олдига қўйган мақсадига эришишга интилишини кучайтиради.
Халқаро гимнастика федерацияси бош котиби Андре Гюйсбюлер Ўзбекистон гимнастика федерацияси ушбу спорт турининг барча асосий йўналишларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшаётганини ва бугунги анжуман юксак савияда ташкил этилганини таъкидлади.
Ўзбекистон гимнастика федерацияси мамлакатимизда ушбу спортнинг барча асосий турлари – эркаклар ва аёллар спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, трамполин, акробатикани оммалаштиришга доир изчил ишларни амалга оширмоқда. Давлатимизнинг ҳар томонлама кўмагида бу борадаги фаолият умуммиллий миқёс касб этди. Иқтидорли спортчиларни аниқлашга ёрдам бераётган минтақавий ва республика мусобақалари мунтазам ўтказилаётир. Мамлакатимизнинг барча вилоятларида гимнастика билан шуғулланиш учун халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган марказлар ташкил этилди, уларда ҳар куни минглаб ўғил-қизлар ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг энг истиқболли ва иқтидорлилари гимнастика бўйича ўсмирлар ва миллий терма жамоалар сафига қўшилмоқда. Нафақат спорт комплекслари ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари, балки умумтаълим мактабларининг спорт залларини замонавий гимнастика инвентарлари билан жиҳозлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.
2007 йилда гимнастика бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ва 2011 йилда бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштрилган республика олимпия захиралари спорт мактаби ташкил қилинди. 2009 йилдан буён гимнастиканинг барча турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоалари спортчилари олимпиадага тайёрлаш маркази ҳисобланган гимнастика саройида шуғулланиш ҳамда йирик мусобақаларни ўтказиш имкониятига эга бўлди.
Жаҳон тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда, мураббийлар малакасини оширишга катта эътибор берилмоқда. Бу борада истиқболли илмий ва тиббий янгиликларни ўрганиш, спортчиларни тайёрлаш, спорт ускуналарини ишлаб чиқаришга жорий этиш – буларнинг барчаси спортни янада оммалаштириш, саломатлик омилига айлантиришга хизмат қилаётир. Ўзбекистон гимнастика федерацияси шу мақсадда Халқаро гимнастика федерацияси ва Осиё гимнастика иттифоқи томонидан ўтказилаётган халқаро форумларда фаол иштирок этиб келмоқда. Илғор тажрибани оммалаштириш учун пойтахтимиз ва вилоятларда халқаро ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирокида мураббийлар ва ҳакамлар учун семинарлар мунтазам ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон вакилларининг гимнастика бўйича қўлга киритаётган ютуқлари салмоғи ошиб бормоқда. Яқинда Жанубий Кореяда бўлиб ўтган XVII Осиё ўйинларида бадиий гимнастика бўйича қизларимиз жамоавий баҳсларда қитъамизнинг етакчи спортчиларини ортда қолдириб, олтин медалга сазовор бўлди. Спорт гимнастикаси бўйича баҳсларда Антон Фокин брусда мураккаб машқларни муваффақиятли бажариб, 15.475 балл тўплади. Бу мусобақанинг энг яхши натижаларидан бўлиб, Ўзбекистон спортчисига шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилиш имконини берди. Оксана Чусовитина юксак маҳоратини намойиш этиб, таяниб сакраш машқлари бўйича кумуш медални қўлга киритди.
Абдулла Азимов эса алоҳида предметларда машқ бажаришда юқори натижа кўрсатиб, шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.
Конгрессда Халқаро гимнастика федерациясининг янги таҳрирдаги низоми тасдиқланади.
Дунёда гимнастиканинг барча йўналишларини ривожлантириш, Халқаро гимнастика федерациясига янги аъзоларни қабул қилиш ва бошқа қатор масалалар муҳокама қилинади. Ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш, спортчиларни тайёрлаш даражасини ошириш ва шу мақсадда энг илғор спорт, илмий ҳамда тиббиёт технологияларидан фойдаланиш учун миллий гимнастика федерацияларининг кенг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1