АсосийJamiyat

​"Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг қуюв ишлари журналистлар нигоҳида

'​"Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг қуюв ишлари журналистлар нигоҳида'ning rasmi

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ОАВ ходимлари учун медиа-тур ташкил этиш яхши анъанага айланган. Жорий йил бошиданоқ бундай сайъи-ҳаракатлар бошлаб юборилди. Бугун журналистлар соҳанинг энг кўзга кўринган ишлаб чиқариш маскани “Қуюв механика заводи” шўъба корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишди. Унда 20 га яқин теле ва радио, босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Булар “O‘zbekiston 24”, “Yoshlar”, “Uzreport”, “Sevimli”, “Dunyo bo‘ylab” телерадиканали, “Daryo.uz”, “Хabar.uz”, “ХS.UZ”, “PV.UZ”, “Podrobno.uz”, “Турон-24” электрон оммавий ахборот воситалари, “ORIAT-dono”, “Маҳалла” радиканали ҳамда “Халқ сўзи”, “Народоное слово”, “Правда востока” газетаси вакиллари.

Медиа-тур белгиланган режа асосида олиб борилди. Дастлаб журналистлар корхонанинг Қуюв цехига сафар уюштиришди. У ерда соҳа мутахассислари йиғилганларга цехнинг ҳозирги имкониятлари, бажарилган ишлар, техника ва технологиялар, галдаги режалар ҳақида маълумот бердилар. Шундан сўнг медиа-тур иштирокчилари қуюв жараёни ва махсус лаборатория билан яқиндан танишди.

Маълумки, Қуюв цехида ҳозирги кунда 200 турдан ортиқ зарур бутловчи қисмлар тайёрланмоқда. Шу кунгача соҳага керакли 20 га яқин турдаги маҳсулотлар махаллийлаштирилган. Айниқса, тележканинг турли эхтиёт қисмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва бунинг учун ҳалқаро сертификат қўлга киритилди. Яна бир янгилик, корхона томонидан ўтган 2018 йилда Ўзбекистонда илк бор тележкаларнинг тормоз қисмларини қуюв ишлари ҳам амалга оширилди. Шунингдек, темир йўлларни электрлаштириш ишларида фойдаланладиган 10 га яқин турдаги керакли эҳтиёт қисмлар, ирригация ва сув хўжалигида фойдаланиладиган 3 тонналик катта ҳажмли эхтиёт қисмлари сув очиш ва ёпиш мосламаси ҳам шу ерда тайёрланмоқда. Қуюв цехи тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, хорижнинг “KUNKEL WAGNER”, “OTTO JUNKER”, “NEDERMAN” номли нуфузли компаниялари томонидан юқори сифатли ва сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, чўян қуйиш бўйича 2018 йилда белгиланган режа 128,1 фоизга амалга оширилди, бу эса 2 710,9 тонна деганидир. Пўлат қуйиш ишлари эса 125 фоизга бажарилди.

Тадбир давомида ОАВ ходимлари юк вагонларини ишлаб чиқариш цехини кўздан кечиришди. Бу ерда янги вагонларни қуриш жараёни, уларни таъмирлаш ишлари, мутахассислар томонидан олиб борилаётган изланишларнинг бевосита гувоҳи бўлишди.

Таъкидланишича юк вагонлари ишлаб чиқариш белгиланган режа асосида жадал суръатларда амалга оширилмоқда. 2018 йилда жами 295 та вагон ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг аксариятини ярим усти очиқ вагонлар ташкил этади. Шунингдек корхонада 581 та юк вагони таъмирланди. Жорий йилдан бошлаб заводда 24 метр ўлчамга эга фитинг платформаларини кенг кўламда ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Эътиборлиси, ўтган йил давомида завод томонидан 950 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилинди.

Заводда жами 16 та цех фаолият олиб бораётган бўлиб, уларда Германия, Беларус ва Россия давлатидан келтирилган сўнгги русумдаги ускуналар ўрнатилган.

Медиа-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олишди.

    Бошқа янгиликлар