1

II Параосиё ўйинлари ғолибларига пул мукофотлари топширилди

СПОРТ 31.10.2014, 08:59
II Параосиё ўйинлари ғолибларига пул мукофотлари топширилди

Жорий йилда ҳам спортчиларимиз кўплаб ғалабаларни қўлга киритди. 16-28 август кунлари Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар Олимпиадасида навқирон ёшларимиз 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медалга сазовор бўлди, дея хабар қилади ЎзА.

19 сентябрь – 4 октябрь кунлари Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII Осиё ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси вакиллари 9 олтин, 14 кумуш ва 21 бронза медалга, жамоавий баҳсларни ҳисобга олганда, жами 12 олтин, 14 кумуш ва 35 бронза медаль билан Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини янада юксалтиришга, халқимизнинг қудрати ва салоҳиятини намоён этишга муносиб ҳисса қўшди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида мамлакатимиз ёшлари истеъдодли, азму шижоатда тенгсиз авлод бўлиб вояга етмоқда. Бу дунёнинг турли минтақаларида бўлиб ўтаётган нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон спортчиларининг юксак ғалабаларни қўлга киритиб, давлатимиз байроғини баланд кўтараётганида яққол намоён бўлмоқда.
Ушбу муваффақиятлар ҳар биримизнинг қалбимизга олам-олам қувонч, ғурур ва ифтихор туйғуларини олиб киради.
18-24 октябрь кунлари Инчеонда ўтказилган II Параосиё ўйинларида 27 нафар спортчимиз енгил атлетика, дзюдо, сузиш ва ўқ отиш бўйича мусобақаларда 22 олтин, 5 кумуш ва 4 бронза, жами 31 медални қўлга киритиб, қирқдан зиёд давлат орасида бешинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади. Паралимпиячиларимизнинг бу муваффақияти катта спортда камдан-кам кузатиладиган ҳолат. 27 спортчининг Параосиё ўйинларида 31 медални қўлга киритиши ҳақиқатда таҳсинга лойиқ натижадир. Бошқача айтганда, спортчиларимиз ўзбек халқининг ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини яна бир карра исботлади.
Президентимиз Ислом Каримовнинг фармойишига мувофиқ II Параосиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари пул мукофотлари билан тақдирланди.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида 30 октябрь куни II Параосиё ўйинлари ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган маросимда мукофотлар топширилди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг спортни ривожлантиришга қаратаётган доимий эътибори туфайли жисмоний тарбия ва спорт имконияти чекланган ёшлар ўртасида ҳам тобора оммалашиб бораётгани, паралимпиячиларимиз турли нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришаётгани алоҳида таъкидланди.
Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ спортчиларимизнинг замонавий меъёрлар асосида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳорат ошириши, Параосиё ўйинларига йўлланма берадиган мусобақаларга пухта тайёрланиши ва уларда муносиб қатнашиши учун барча шарт-шароит яратилди.
Бу спортчиларимизнинг II Параосиё ўйинларида юксак ғалабаларни қўлга киритишида асосий омил бўлди. Мусобақанинг енгил атлетика бўйича баҳсларида паралимпиячиларимиз 8 олтин, 4 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Фахриддин Ҳамроев эришган натижа алоҳида таҳсинга лойиқ. У 800 метр масофага югуришда маррага биринчи етиб келиб, Осиё рекордини янгилади. 200 ва 400 метрга югуришда ҳам рақибларидан ҳар томонлама устун эканини исботлади. Унинг 400 метрга югуришда эгаллаган натижаси қитъа ва Параосиё ўйинлари рекорди сифатида қайд этилди.
Иқтидорли енгил атлетикачимиз Маъруфжон Муродиллаев 1500 ва 800 метр масофага югуриш баҳсларида маррага биринчи келиб, икки марта шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. У ҳам мазкур масофаларда эришган натижалари билан Осиё рекордчисига айланди.
Яна бир олтин медаль 4х100 метр масофага югуриш бўйича ўтказилган жамоавий баҳсда қўлга киритилди. Терма жамоамиз сафида Миран Сахатов, Дониёр Солиев, Улуғбек Чориев ва Фахриддин Ҳамроев энг юқори натижани кўрсатди.
Ўзбекистон спорт делегацияси байроқдори Мавлонбек Ҳайдаров ядро улоқтиришда 14 метр 39 сантиметр натижа қайд этиб, Осиё рекордини ўрнатди.
– Параосиё ўйинларида халқимиз, Президентимиз ишончини оқлаганимиздан беҳад хурсандмиз, – дейди М.Ҳайдаров. – Қўлга киритган ғалабам шарафига Ватанимиз мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилганида чексиз фахрни ҳис қилдим. Булар мустақиллигимиз шарофати, давлатимиз раҳбари томонидан биз, спортчиларга кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрлик меваси, устозларимиз билан йиллар давомида олиб борган меҳнатларимиз маҳсулидир.
Енгил атлетиканинг диск улоқтириш баҳсларида Ҳусниддин Норбеков 53 метр 84 сантиметр натижани қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади.
Узунликка сакраш мусобақаларида иштирок этган Фаррух Мирзақулов кумуш, турли масофаларга югуриш бўйича Миран Сахатов иккита кумуш, Сирожиддин Норов иккита бронза ва Дамир Пашаев битта бронза медаль билан тақдирланди.
Мусобақада дзюдочиларимизнинг иштироки ҳам самарали бўлди. Спортчиларимиз еттита олтин, биттадан кумуш ва бронза медални қўлга киритди.
Шариф Халилов вазни 81 килограммгача бўлган полвонлар мусобақасида эронлик Саид Нури Жаъфарий, япониялик Юсуке Хатсусе, ҳал қилувчи баҳсда таиландлик Рунг Чатфуенгни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Дзюдо бўйича жаҳон чемпиони Одилжон Тулендибоев энг оғир вазндаги полвонлар беллашувида ўз салоҳиятини намоён этди. У ҳал қилувчи баҳсда эронлик Ҳамза Надрийни 19 сонияда енгиб, Параосиё ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.
Вазни 73 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида ҳамюртимиз Феруз Саидов ҳам терма жамоамиз ҳисобига олтин медални туҳфа этди.
– Мусобақада олтин медални қўлга киритганимдан беҳад мамнунман, – дейди Ф.Саидов. – Эришган муваффақиятларимиз замирида Президентимиз раҳнамолигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидор ва истеъдодини юзага чиқариш учун қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик мужассам. Эндиги ниятим 2016 йили Бразилияда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида ҳам юқори натижаларга эришиш.
Полвонларимиздан Шерзод Намозов, Нурбек Бердиёров, Шуҳрат Бобоев, қизлар баҳсида Севинч Салаева ҳам ўз вазн тоифасида барча рақиби устидан муваффақият қозониб, олтин медални қўлга киритди. Гулруҳ Раҳимова кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Ширин Шарипов кучли учликдан жой олди.
Сузиш баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Кирилл Паньков бир йўла тўртта, Дмитрий Хорлин учта олтин медални қўлга киритди. Лондонда ўтган Паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, икки марта Осиё рекордини ўрнатган Кирилл Паньков 50 ва 100 метр масофага эркин, 100 метрга чалқанча ва 200 метрга комплекс усулда сузиш бўйича рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмаган бўлса, Дмитрий Хорлин 50, 100 ва 400 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Эътиборлиси, Дмитрий Хорлиннинг ҳар уч йўналишда, Кирилл Паньковнинг 50 метр масофага эркин сузишда қайд этган натижаси Осиё рекорди сифатида эътироф этилди.
Маросимда Ўзбекистон халқ шоири И.Мирзо ва бошқалар спортчиларимизни Параосиё ўйинларидаги юксак муваффақияти билан табриклаб, келгуси нуфузли мусобақаларда омад тилади.
Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари У.Аҳмаджонов, енгил атлетика бўйича мураббий С.Абдухолиқов, спортчилар Ф.Саидов, С.Салаева, М.Ҳайдаров ва бошқалар спортни ривожлантириш ва спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган доимий эътибори учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1