Андижонда нотинч оилалардаги муаммо ва низоларни бартараф этиш, ажримлар олдини олиш, ажрашиш ёқасида турган оилаларни яраштириш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Унда вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, фуқаролик ишлари бўйича судлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, низоли, ажрашиш ёқасида турган оилалар вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, оилада маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.
– Оила, она ва бола давлатимиз ҳимоясида эканини ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.Маърупова. – Шу маънода, оила манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни қийнаётган муаммо ва низоларни бартараф этиш, айниқса, ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган.
Иштирокчиларга оилада юзага келаётган низолар, фарзанд тарбиясида учраётган камчиликлар, қайнона-келин муносабатларидаги муаммолар оилани парокандаликка олиб келиши мумкинлиги, бундай ҳолатларнинг оғир оқибатлари акс этган видеофильм намойиш этилди.
Тадбир доирасида тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари томонидан сайёр қабул ташкил этилди. Турли низолар туфайли пароканда бўлиб турган оилалар вакиллари билан суҳбатларда инсон сабрли бўлиши, айниқса, оила мустаҳкамлигини таъминлашда турли қийинчиликларни енгиб ўтиш лозимлиги ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди. Суҳбатлар давомида кўплаб келин-куёвлар, қайноналар ўз хатосини англаб, бундан буён иноқ яшашга келишиб олдилар.
Сайёр қабул давомида низоли ва ажрашиш арафасида турган 40 га яқин оила вакиллари билан суҳбат ўтказилиб, 24 оила яраштирилди. Бир қатор оилаларни қийнаётган муаммолар жойида ҳал этилди.






