Навоий вилояти Кармана тумани Давлат солиқ инспекцияси ходими Г.П. ўз жиноий ҳаракатларини содир этаётган пайтда қўлга олинган. Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари Ўктам Усмонов ЎзАга хабар берди.
Кармана тумани “Катта Мачит” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Э.Ҳ. бобосига ҳовли-жойнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш мақсадида уйнинг мол-мулк ва ер солиғидан қарздорлиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун Кармана тумани Давлат солиқ инспекциясига мурожаат қилади. Туман ДСИ ходими Г.П. уйнинг мол-мулк ва ер солиғидан 1 миллион 300 минг сўм қарздорлиги борлигини билдиради. Шунингдек, ДСИ инспектори қонунга хилоф тарзда 650 минг сўм эвазига қарздорликни йўққа чиқариб, шу тўғрисида маълумотнома расмийлаштириб беришини, пул маблағларини эса “Click-Payme” дастури орқали ташлаб бериши мумкинлигини айтади. Сўралган пул маблағлари Э.Ҳ. томонидан инспекторнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
Навоий вилоят ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбир давомида Кармана тумани ДСИ инспектори қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича тергов жараёнлари давом этмоқда.






