Инновацион ривожланиш вазирлиги Британия Кенгашининг «Creative Spark» лойиҳасида ҳамкорлик қилмоқда, деб хабар берди вазирлик ахборот хизмати.
«Creative Spark» Буюк Британия ҳамда Марказий Осиё (Ўзбекистон, Қозо-ғистон, Қирғизистон), Жанубий Кавказ (Озарбайжон, Арманистон, Грузия) ва Украина давлатларининг университетлари, таълим муассасалари ўртасида фаол тадбиркорлик соҳаларини ривожлантириш бўйича халқаро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган беш йиллик дастур бўлиб, талабаларда фаол тадбиркорлик ва ташаббускорлик кўникмаларини шакллантирган ҳолда, жамиятда креатив иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшишни асосий мақсад қилиб олган.
«Креатив иқтисод юртимиз учун янгилик бўлгани боис бу кўникмаларни маҳаллий олий таълим муассасалари талабалари ичида кенг тарғиб қилишда Инновацион ривожланиш вазирлиги яқиндан кўмак бериш баробарида тренинглар, ўқув ва амалий машғулотлар, маҳорат дарслари ўтказишда кўмак беради. Ўқувчилар дарсларда орқали фаол тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун амалий кўникмаларни қўлга киритиб, келгусида юртимизнинг иқтисодий равнақига ўз ҳиссаларини қўшадилар», - дейилади хабарда.
Лойиҳа давомида жорий йилнинг январь-март ойларида «London Metropolitan University» ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар мутахассислари томонидан фаол тадбиркорлик лойиҳаларини тайёрлаш бўйича тренинглар ташкил этилади. Тренингларда фаол қатнашган талабалар ўз стартап лойиҳаларини махсус комиссияга тақдим этадилар. Энг яхши лойиҳалар саралаб олиниб, лойиҳа муаллифлари лондонлик экспертлар томонидан ташкил этиладиган ўқув курсида қатнашади ва ўз лойиҳаларини янада ривожлантириш имкониятига эга бўлади.
Июнь ойида лойиҳаларнинг якуний саралаш босқичи ўтказилади ва энг яхши лойиҳа эгаси ўз лойиҳасини Лондон шаҳрида инвесторларга тақдим этади. Сафар харажатлари Британия кенгашининг «Creative Spark» учун махсус ажратилган фонди томонидан қопланади. Шунингдек, фаол иштирокчилар Британия кенгаши ва ҳамкор ташкилотлар томонидан рағбатлантирилади.
Батафсил маълумотни ушбу ҳавола орқали олиш мумкин.






