Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар бериш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинган. Қарор ва унга илова қилинган низомда уй-жойни олишга ким талабгорлигидан тортиб қандай ҳужжатлар кераклигию, жараён қай тартибда кечишигача батафсил ёзилган. Қуйида ҳужжатнинг асосий ўринларига Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали ойдинлик киритди.
КИМЛАР УЙ-ЖОЙГА ДАЪВО ҚИЛИШИ МУМКИН?
Ногирон, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар уй-жойга муҳтож хотин-қизлар деб белгиланган. Хусусан, қуйидаги тоифадаги аёллар ушбу имтиёзга даъво қилишлари мумкин:
Ушбу ижтимоий нормалар ариза берувчининг аҳволини баҳолашда асосий мезон бўлиб хизмат қилади. Талабгор аёлнинг аҳволи ҳар бир пункт бўйича баҳолаб чиқилади ва энг кўп балл тўплаганлар биринчи навбатда тавсия оладилар.
ҚАНЧА ВА ҚАНДАЙ УЙЛАР БЕРИЛАДИ?
Ҳар йили ҳар бир туман ва шаҳарга (тоифасига қараб) 6 тадан 10 тагача 2-3 хоналик квартиралар ва 2 сотихлик (2-3 хонаси бор) ҳовлилар берилади. Ногирон хотин-қизларга кўп қаватли уйларнинг биринчи ё иккинчи қаватидан квартиралар берилади.
ПУЛИНИ КИМ ТЎЛАЙДИ?
Бошланғич бадал (25%) Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот томонидан ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар (ҳомийлар, бошқа жамғармалар) ҳисобидан тўлаб берилади. Қолган 75 фоизи эса тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб қопланади (талабгор томонидан). Бордию талабгорнинг бунга қурби етмаса (кам таъминланган бўлса, доимий даромади бўлмаса), у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига бу пуллар тўлаб берилади.
ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТАЛАБ ҚИЛИНАДИ?
Туман ҳокимияти қошида тузилган махсус ҳудудий Комиссияга ариза топширилади ва шу комиссиянинг тавсияси билан кейинчалик имтиёзли уй-жойга эга бўлиш мумкин. Ариза топширилиши учун ОХИРГИ МУДДАТ – ҳар йилнинг 1 феврали.
Талабгор Комиссияга қуйидаги ҳужжатларни топширади:
АРИЗА ТОПШИРИЛГАЧ НИМА БЎЛАДИ?
Ариза ва ҳужжатлар белгиланган қабул кунларида Комиссияга топширилади. Комиссия аризани рўйхатга олади ва аризанинг бир нусхасига қабул қилинган сана ва қабул қилган шахснинг имзосини қўйиб талабгорга беради (ариза қабул қилиниб олинганлигининг исботи сифатида). Таъкидлаш жоиз, рўйхат рақамлаб борилади, рўйхат дафтари махсус муҳр билан ҳимояланган бўлади.
Комиссия ариза берувчининг ҳужжатларини, доимий яшаш жойини, турмуш шароитини ўрганади (15 иш куни ичида).
Ўрганиб бўлгач, хулосалар тайёрлайди ва ёзма шаклда талабгорга беради (3 иш куни ичида). Хулосада имтиёзли уй жойга тавсия этилган ёки этилмагани сабаблари батафсил кўрсатилади.
КИМЛАР БИРИНЧИ НАВБАТДА УЙ ОЛАДИ?
Уйга муҳтожлар кўп, уйлар сони чекланган. Бундай шароитда кимларга биринчи навбатда уй берилади?
Айрим аёллар мен имтиёз бериладиган тоифага кирсам ҳам, беришмаяпти деб шикоят қилишяпти. Шунинг учун айни масалани ҳаётий вазиятлар орқали тушунтиришга уриниб кўрамиз.
Бир аёл уй-жойга муҳтож ва ёлғиз она, иккинчиси уй-жойга муҳтож, ёлғиз она ва айни дамда кам таъминланган, учинчи бир аёл эса ёлғиз она, кам таъминланган ва яна ногирон ҳам. Шунда албатта, учинчи аёл биринчи икки аёга нисбатан тавсия олишга ҳақлироқ ҳисобланади.
Сиз кўп жиҳатдан имтиёзли уй олишга муносиб бўлсангиз ҳам, сиздан-да муносиброқлар бўлиши мумкин. Чунки бир тумандан йилига 6 та уй бериляпти, аммо унга ўнлаб, ҳатто юзлаб талабгорлар чиқади. Шунинг учун Комиссия ҳар бир ҳолатни индивидуал ўрганиб, муҳтожлик даражасини баллар орқали ифодалаб боради. Яъни энг муҳтожлар, ўта муҳтожларлар, жуда муҳтожлар, ўртача муҳтожлар каби камайиб бориш принципи амал қилади.
Аёл бу йил тавсиянома олмаган бўлса, кейинги ёки ундан кейинги йилларда олиши мумкин. Шу тарзда уй-жойга муҳтожлар сони камайиб, сизнинг тоифангиздагиларга ҳам навбат етади.