Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган ЮНЕСКО эксперти, Франция шаҳарсозлик институти халқаро алоқалар бўйича менежери Эрик Хойберхтс раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашувда бу ҳақда алоҳида таъкидлади, деб ёзмоқда ЎзА.
– Кейинги пайтда Самарқанд шаҳридаги қурилиш ишлари жараёнида бу масала жуда кўп муҳокама қилинмоқда, – дейди Ф.Раҳимов. – Давлат раҳбари, ҳукумат даражасида бунга эътибор қаратилмоқда. Чунки Самарқанд нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг бебаҳо тарихий-маданий маскани, қадимий цивилизация марказларидан ҳисобланади. Бу ердаги ҳар бир тарихий бино, иншоотни асраб-авайлаш, шу билан бирга, шаҳарнинг замонавий туристик имкониятларини кенгайтириш, инфратузилмани ривожлантириш лозим. Айни пайтда ишлаб чиқилаётган бош режада бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учрашувда Эрик Хойберхтс мамлакатимизда тарихий обидаларни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик меъёрлари бўйича мавжуд қонун-қоидалар, ҳукумат қарорлари билан қизиқди.
– Самарқанддаги тарихий обидалар бутун сайёра аҳолиси учун аҳамиятга эга ва биз уларни келгуси авлодларга безавол етказиш бўйича ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз, – дейди у жумладан. – Сафаримиз давомида бу борадаги меъёрий ҳужжатлар, мавжуд тарихий объектларнинг 3D форматдаги суратлари, тарихий ҳудуддаги бошқа бинолар билан танишяпмиз. Ўз навбатида, шаҳарнинг бош режасини ишлаб чиқаётган мутахассислар билан фикрлашиб, ўз таклиф ва тавсияларимизни билдирдик.






