Мутахассислар болаларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Давлат ва нодавлат ташкилотлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, халқаро экспертлар «Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ислоҳ қилишнинг долзарб вазифалари» мавзусидаги стратегик мулоқотда иштирок этдилар. Ушбу тадбир «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва UNICEF томонидан ташкил этилди.
Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 9 фоизи ижтимоий ҳимояга қаратилган бўлиб, бу халқаро амалиётга мувофиқ яхши кўрсаткич ҳисобланади. Давлат бюджетининг тахминан 60 фоизи ижтимоий харажатларга сарфланади. Ушбу инвестициялар янада самарали бўлиши учун ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш зарур.
Болалар ва ёшлар аҳолининг қарийб 60 фоизини ташкил қилади. Шу билан бирга, болалар орасидаги кам таъминланганлик даражаси катта ёшдагиларга нисбатан юқоридир. Болали оилаларнинг фақат 17 фоизи нафақалар дастурига киритилган. Молиялаштириш етарли бўлмагани туфайли мавжуд дастурларнинг таъсири кичик бўлиб, умумий кам таъминланганлик даражасини 8 фоизга камайтирди. 15 ёшгача бўлган болалар орасидаги кам таъминланганлик даражаси ёши катталарга нисбатан 1,5 баробар юқоридир.
Оилалардаги кам даромад болаларнинг келажакда муносиб иш топишга имкон берадиган билим ва кўникмаларни эгаллашларига ёурдам берадиган муҳитда ўсишларига тўсқинлик қилади. UNICEF ва Жаҳон банки тадқиқотлари натижасига кўра, энг кам таъминланган оилалардаги болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига бориш имконияти ўзига тўқ оилалардаги болаларга нисбатан 1,4 баробар камдир.
«Сўнгги икки йил ичида ҳукумат бир қатор ислоҳотларни амалга оширишни бошлади. Иқтисодий ислоҳотлар кўпинча оилаларнинг заифлигини кучайтириши мумкин бўлган хавфлар билан боғлиқ бўлади,» - деди UNICEF нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. «Шунинг учун кучли ижтимоий ҳимоя тизими давом этаётган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми бўлиши керак,» - деб қўшимча қилди у.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича турли тавсияларни кўриб чиқдилар. UNICEF мавжуд сиёсатни ислоҳ қилиш вариантини таклиф қилди. Мазкур тавсияларнинг бажарилиши 2030 йилга бориб болалар нафақалари таъсирида умумий кам таъминланганлик даражасини 8 фоиздан 21 фоизгача камайтириши, шунингдек 2034 йилга бориб 18 ёшгача бўлган болаларни нафақалар билан қамраб олиш миқёсини қадамба-қадам камида 75 фоизга етказиш имконини бериши мумкин.
UNICEF тавсиялари ҳеч ким четда қолмаслиги учун барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда Ўзбекистон Ҳукуматига ёрдам бериш учун ишлаб чиқилган.






