Фозил Иштихоннинг Равот қишлоғида яшайди. Отаси у болалигида вафот этган. Онаси эса хасталик туфайли тўшакка михланиб қолади ва узоқ йиллик дард туфайли бу дунёни эрта тарк этади.
Оилага тўнғич фарзанд бош бўлиб қолди. Ака ака-да, оилада ота-онанинг ўрни ҳеч ким босолмайди барибир. Бу айниқса, Фозилга жуда билинарди. Кўнгли кемтик бўлиб ўсган йигит ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналди. Эртанги куни қандай бўлишини тасаввур қила олмас эди. Ана шундай кунларнинг бирида 2017 йил март ойида у ўртоғи билан қўшнисининг уйига кириб, ҳовлидаги газ балонини ўғирлайди.
Аммо бу ҳаракатининг оқибатини ўйлаб уйдан қочиб кетади. Оила аъзолари, Равот маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари дараксиз кетган Фозилни излашади, лекин ҳеч қаердан топа олишмайди.
Шундан сўнг ички ишлар идораларига мурожаат қилишади. Узоқ вақт олиб борилган қидирувлар натижасида дараги топилган ўғил ўз оиласига қайтарилди, деб ёзмоқда ЎзА
Фозил уйига қайтарилди, маҳалла аҳли уни кечирди – бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди, албатта. Шу сабабли туман ҳокимлиги оилани оталиққа олди. Уй-жойни таъмирлаш, оила аъзоларига зарур моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга киришилди. Рўзғорга барака энсин деган ниятда соғин сигир берилди. Адашган йигит эса туман йўл қурилиши бўлимига ишга жойлаштирилди, тўғри йўлга бошланди.
– Маҳалламиз аҳлининг бағрикенглиги, бу оилага эътиборсиз эмаслиги туфайли ҳозирда уларнинг томорқасида иссиқхона қуриб беришга қарор қилдик, – дейди Равот МФЙ раиси Ойдин Мингбоева. – Оила қарамоғидаги бошқа фарзандларга ҳам зарур тиббий, ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Биз уларни ўзимиздан четлаштирмаяпмиз, аксинча, бағримизга олишга ҳаракат қиляпмиз.