Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб ҳам оиласи, ҳам жамият равнақига ҳисса қўшаётган инсонлар кўп. Аммо бу шароитларни четлаб ўтиб, ноқонуний йўллар орқали даромад орттираётганлар ҳам афсуски, кузатилмоқда.
Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан Косонсой туманида яширин цех фаолияти фош этилди.
Аниқланишича, косонсойлик А.Мелиханов томонидан Косонсой шаҳри, Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган, фуқаро Ю.Дадахўжаевга тегишли бўлган бинони ижарага олиб, рўйхатдан ўтмасдан ноқонуний равишда 3 нафар ишчи ёллаб, момиқ сочиқ ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётгани маълум бўлди.
Назорат тадбири давомида қоидабузарга тегишли 5 турдаги умумий қиймати 86 миллион 330 минг сўмлик товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида вақтинча сақловга олинди. Шунингдек, ўрганиш мобайнида А.Мелихоновга келгусида фаолиятини қонунийлаштириб, қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича тушунтириш берилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар қандай ноқонуний фаолият назорат ва назардан четда қолмайди.