Тинч, осуда Ватанда, оила, яқинлар бағрида ҳузур ҳаловатда яшашга нима етсин. Бундай бахт, айниқса, узоқ йиллик айрилиқ, саргардонликни бошдан кечирган Зумрад Оллаберганова учун янада қадрли, деб ёзмоқда ЎзА мухбири.
Сабаби, мана шундай фаровон ҳаётни, фарзандлари билан бирга бахтли турмуш кечиришни, оз эмас, йигирма йил давомида орзу қилган бу аёл ўтган вақт мобайнида жуда кўп воқеаларни бошдан кечирди.
1997 йил Зумрад Оллаберганова турмуш ўртоғининг алдовларига учиб Ўзбекистондан чиқиб кетади ва улар “Ўзбекистон Ислом Ҳаракати” халқаро террористик ташкилотининг жангарилар тайёрлаш лагерига боришади.
1997 йилдан 2018 йилга қадар Тожикистон, Афғонистон, Покистон ҳудудларида “Ўзбекистон Ислом Ҳаракати” ташкилоти томонидан ташкил қилинган “аёллар жамоатлари” сафида бўлган Зумрад Оллаберганова жанговар ҳаракатларда иштирок этиш ва маҳоратини ошириш бўйича тайёргарликдан ўтади.
Энг ачинарлиси террористик ташкилот ишларига 1996 йилда туғилган ўғли Муҳаммадёқуб Олламовни ҳам жалб этади. Муҳаммадёқубга юз бераётган воқеаларни тасвирга олиш ҳамда уларни интернет тармоғига жойлаштириш ва шу орқали одамларни қизиқтириб, ташкилот аъзоларининг сонини кўпайтириш вазифаси юклатилган эди.
Афсуски, ёшгина Муҳаммадёқуб террористик ташкилот таркибида Покистон ҳукумати қўшинларига қарши ўтказилган жангда ҳалок бўлади.
Турмуш ўртоғи Норбек Олламов эса 1999 йилнинг октябрида бир гуруҳ жангарилар қаторида Тошкент вилояти Ангрен шаҳрига суқулиб кирмоқчи бўлганда йўқ қилинади. Зумрад Оллаберганова 2000 йилда бошқа бир жангари Бахтиёр Наврўзматовга шаърий никоҳ асосида турмушга чиқиб, Сумайя исмли қиз фарзанд кўради.
Зумрад Оллаберганова юз берган нотинчликлардан кейин бошқа аёллар сингари Покистоннинг Жанубий Вазиристон минтақасининг Вана қишлоғига кўчирилади. Бу ерда Сожида исмли фарзанди туғилади.
Нотинч ҳаётнинг азоб ва уқубатлари таъсирида яшаш Зумрад Оллабергановага ҳам, унинг фарзандларига ҳам осон кечмайди.
Чегарадан ўтиб, Ўзбекистон ҳудудига фарзандлари билан биргаликда эсон-омон кириб келган аёл хатоларини аллақачон тушуниб етган эди. Энди уни жамиятга, соғлом ҳаётга қайтариш лозим.
Зумрад ОЛЛАБЕРГАНОВА: "Баъзи бир адашган ёшлар сингари... турмуш ўртоғим ҳам адашганлар қаторига кириб, шу адашганлар йўлида давом этиб, менга ҳам аста-аста даъват қилиб бошлади"
Буларнинг йўналишларидан хабар топганимдан кейин, мен иложи борича ватанга қайтишга харакат қилганман, уйдагилар билан гаплашиб қандай қайтиш йўллари борлигини излаганман. Шу билан яна жанглар, урушлар у тарафнинг оғир ҳаётибошланди. 2015 йил биз Афғонистонга яна шу гуруҳ билан қайтдик, гуруҳ ичида кимки қайтишини сездириб қўйса отиб ташланар ёки ёш боласи қўлдан олиб қўйилар эди. Худога шукурки 2018 йил июль ойида болларим билан саккиз жон Ўзбекистон консуллигига пушаймонлик аризаси билан кириб бордим.
Мен хато йўллардан юрганликларимдан пушаймонман, Президентимиздан ва халқимиздан кечирим сўрайман".
Ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракат учун жазо муқаррарлиги қонунларимизда акс этган. Шу билан бирга жазо тайинлашда судланувчининг чин дилдан пушаймонлиги, билиб билмай жиноятга қўл ургани ҳамда бошқа ҳолатларнинг ҳам инобатга олиниши бағрикенг халқимизнинг қонун доирасида бериладиган енгилликлари саналади. Зумрад Оллабергановага оид жиноят ишини кўриб чиқишда суд барча ҳолатларни эътиборга олди.
Раъно КАМОЛОВА (жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят суди судьяси): "Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2442 1-қисми билан айибланиб судга берилган Оллаберганова Зумрад Камиловнага нисбатан бўлган жиноят ишишни кўриб чиқдик. Суд жараёрнида Оллаберганова Зумрад ўз айбига иқрор бўлиб, пушаймонлик билдирганлиги, шунингдек, унинг 6 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, хотин қизлар қўмитаси томонидан кафиллик хатлари берилганлигини инобатга олиб, унга нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Муҳими энди унинг қўрқинчли ва дарбадар ҳаёти ортда қолди. Таҳликали кунлар таъсирида ҳалигача саводини чиқара олмаган фарзандлари учун ҳам яхшигина шароитлар яратилди. Улар энди тенгдошлари билан мириқиб ўйнайдилар, билим оладилар. Ёмонни кўриб, яхшини қадрига етиш тушунчаси Зумрад Оллабергановага ҳам, унинг фарзандларига ҳам бегона эмас. Фақат бундан тўғри хулоса чиқарилса, бас.






