Сурхондарё вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан жорий йилнинг январь ойида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида 122 нафар жисмоний шахс давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний тарзда тадбиркорлик фаолиятини юритиб келаётганлиги аниқланди.
Уларга тегишли бўлган 76 миллион 896 минг сўмлик маҳсулотлар расмийлаштирилиб, вақтинчалик сақловга олинди.
Аниқ мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, Шўрчи туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ҳ.Ш. ҳеч қандай ҳужжатларсиз автомобилларга техник хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётганлиги, ушбу тумандаги яна бир фуқаро Қ.И. эса ноқонуний тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини амалга ошириб келаётганлиги аниқланган. Ҳар икки ҳолат бўйича баённома расмийлаштирилиб, уларнинг 5 миллион 609 минг сўмлик маҳсулотлари далилий ашё сифатида вақтинчалик сақловга олинган.
Олиб борилаётган кенг қамровли профилактик тушунтириш ишларига қарамай орамизда тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштиришни пайсалга солаётган шахслар ҳали-ҳамон учраб турибди. Шуни унутмаслик керакки, ҳеч бир савол жавобсиз бўлмагани каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳам назоратдан четда қолмайди.
Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.






