Урганч тумани “Севганлар” маҳалласида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро С. ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланиб келган.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Урганч туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу валютафурушнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. Яъни фуқаро С. тумандаги Ғойбу қишлоғида жойлашган хонадонларнинг бирида навбатдаги харидорига ҳар бир Россия рублини 127 сўмдан ҳисоблаб, жами 165 минг Россия рублини 20 миллион 955 минг сўмга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Тадбир давомида, ҳуқуқбузардан 165 минг Россия рубли ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Шунингдек, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Урганч шаҳар бўлими томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Урганч шаҳар “Шабнам” кўчасида яшовчи фуқаро харидордан 23 миллион 176 минг сўмни жами 2800 АҚШ доллари ва 10 000 Россия рублини жами 24 миллион 986 минг сўмга сотаётган пайтда тезкор ходимлар томонидан ушланди. Ушбу ҳуқуқбузар ҳар бир АҚШ долларини 8 470 сўмдан ва ҳар бир Россия рублини 127 сўмдан ҳисоблаб сотишга уринган.
Тадбир якунида фуқародан жами 2 800 АҚШ доллари ва 10 250 Россия рубли ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
ЎзА хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.