Кўп йиллар ички ишлар органларида фаолият олиб борган Хуршида Жалилова 2012 йилнинг 29 июнида Самарқанд вилоят ИИБ томонидан тайинли сабабларсиз фуқароликдан маҳрум қилинганди.
Ўтган йиллар давомида у фуқароликни қайтариб олиш учун сарсон бўлди, жуда кўп тўсиқларга учради. Бунинг оқибатида унинг икки ўғли на ишга жойлаша олди ва на оила қурди.
Етти йиллик сарсонгарчиликнинг ечимини топишда бу аёлга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мададкор бўлди.
Жорий йилнинг 11 февраль куни унинг елиб-югургани ўз самарасини берди. Хуршида Самарқанд шаҳар фуқаролик ва миграцияни расмийлаштириш бўлимидан биометрик паспортини олиш учун суратга тушди.
– Мақсадимга эришишимга менга яқиндан ёрдам бергани учун Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ходимларига миннатдорлигимни изҳор қиламан, – деди қувонч ёшларини яшира олмай Хуршида Жалилова. – Хотин-қизлар қўмитаси менинг мурожаатимни эътибордан четда қолдирмади. Мен бу инсонлардан жуда миннатдорман. Мурожаат қилганимдан бошлаб фуқаролик олгунимга қадар ҳар бир жараён қўмита назоратида бўлди. Мен Хотин-қизлар қўмитасида фаолият юритадиган ҳар бир жонкуяр ходимга ўз миннатдорлигимни изҳор этиб, уларга аёлларни ҳимоя қилишдай масъулиятли ишларида омад тилайман.






