АсосийJamiyat

Солиқ тўловининг аниқ миқдорда белгиланиши ЯТТларга қай даражада фойдали?

'Солиқ тўловининг аниқ миқдорда белгиланиши ЯТТларга қай даражада фойдали?'ning rasmi

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Албатта, бу якка тартибдаги тадбиркорларга яратилаётган кенг имконият, солиқдан берилаётган енгилликлар самарасидир.

Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарори билан жорий йилдан якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортишда бир қатор ўзгаришлар бўлди.

Хусусан, календар йилида тушуми 100 миллион сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ тўлови ставкаси аввалгидек энг кам иш ҳақининг каррали миқдорида эмас, аниқ сўмларда белгиланди.

- Йилдан-йилга солиқ юки пасайтирилаётгани кичик бизнес вакилларининг қаддини тутиб олишлари учун айни муддао бўлмоқда, - дейди Андижон шаҳри “Ўзбекистон” кўчасида чакана савдо билан шуғулланувчи Фазлиддин Қорабоев. – Чакана савдо фаолиятини вилоят марказида амалга оширувчи тадбиркорлар ўтган йили ҳар ойда энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида солиқ тўлашарди. Агарда бу йилга ушбу суммани ҳисобласак, тўловимиз 1 миллион сўмдан ортиб кетарди. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан, энди биз бор-йўғи 750 минг сўм солиқ тўлаймиз. Тақдим этилган бу имкониятдан унумли фойдаланиб, фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз.

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга солиқдан имтиёзлар берилаётгани уларни бизнесга ундамоқда.

- Коллежни битириб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаганим учун олти ой даромад солиғидан озод қилингандим, - дейди “Эски шаҳар” ҳудудида озиқ-овқат дўкони очган ёш тадбиркор Диёрбек Раҳмонов. - Жорий йилдан якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ миқдори пасайтирилгани шижоатимни янада оширди. Янги тартиб бўйича ҳисоблаб чиқдим: йилда 3 миллион сўмдан ортиқ маблағ ўз ихтиёримда қолар экан. Шунга кўра, ўз тенгдошимни ёлланма ишчи сифатида расмийлаштирдим.

Ҳа, солиқ юкидаги бундай енгилликлар, хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантирибгина қолмай, қўшимча иш ўринлари яратиш билан бирга, бизнесга ёшлар янги лойиҳалари билан кириб келишини ҳам таъминламоқда.

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси

жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот шўъбаси

    Бошқа янгиликлар