2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Миллий тадқиқот ядро университети магистратурасида ўқиш учун Ўзбекистон Республикасига ажратиладиган квоталар икки баравар ортади ва 30 ўринни ташкил этади. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шу муносабат билан ҳозирги пайтда бакалавриатнинг 4 босқич талабалари ёки физика, энергетика ва иссиқлик техникаси соҳасида бакалавриатни тамомланган мутахассислар орасидан номзодларни танлаш амалга оширилмоқда. Талабалар билимларни яхши ўзлаштириши ва рус тилини билиши зарур.
Магистратурада “14.04.01 Ядро энергетикаси ва иссиқликфизикаси” ва “14.04.02 Ядро физикаси ва технологиялари” йўналишлари бўйича ўқиш мақсадида танловда иштирок этиш учун Россотрудничествонинг расмий веб-сайтида мураккаб бўлмаган рўйхатдан ўтиш таомилини бажариши керак (https://russia.study/registration). Рўйхатдан ўтиш пайтида муқобил сифатида бошқа университетларни ҳам қўшиш, ва изоҳда “Росатом” линияси деб кўрсатиш керак.
Аризалар 2019 йил 15 январгача қабул қилинган, “Ўзатом” агентлиги ва "Россотрудничество" ташаббусига кўра аризаларни қабул қилиш муддати 2019 йил 20 февралгача узайтирилди. MМФИ МТЯУ битирувчилари Ўзбекистон Республикаси атом энергетикаси соҳасида кафолатли ва малакали иш билан таъминланади.






