2019 йилнинг 15 февраль куни Хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги мудофаа вазири Гевин Александр Уилямсон билан учрашди.
ТИВ хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон - Буюк Британия алоқалари ҳолати ва кенгайтириш истиқболлари, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, ҳозирги хатар ва хавфсизликка таҳдидлар билан курашиш масалалари муҳокама қилинган.
Г.Уилямсон ҳарбий соҳадаги Ўзбекистон - Буюк Британия ҳамкорлиги даражасини ижобий баҳолар экан, Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг ушбу соҳада алоқаларни ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Британия томони Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тизимидаги ислоҳотлар жараёнига, жумладан, Қуролли Кучларни такомиллаштириш ва ҳарбий хизматчилар малакасини оширишга ёрдам кўрсатишга тайёрлиги маълум қилинди, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Афғонистондаги вазият ривожланишига алоҳида эътибор қаратилган. Британия вазири расмий Лондон томонидан 2018 йил март ойида Афғонистон бўйича Тошкент конференциясининг натижаларини қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Ушбу тадбирда халқаро ҳамжамиятда Афғонистонда тинч сиёсий жараённи бошлашга ёрдам бериш зарурлиги тўғрисида умумий фикрга эришилган.
Бундан ташқари, Г.Уилямсон Афғонистон бўйича Ўзбекистон - Буюк Британия маслаҳатлашувларини икки томонлама муносабатларнинг муҳим механизми деб атади ва Буюк Британиянинг ушбу йўналишда янада яқин ҳамкорлик қилишга тайёрлигини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Афғонистонда илгари сурган йирик ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳалари ташаббусларини Британия томони қўллаб-қувватлаши юзасидан ҳам фикр алмашилган.






