Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида талабаларининг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Big Idea Challenge” кўрик танловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Британия Кенгаши, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Лондон метрополитен университети ҳамкорлигида ташкил этилган лойиҳани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари талабаларининг Буюк Британияда ташкил этиладиган инновация ва ташаббускорлик кўрик-танловларида иштирок этишига ёрдам беради.

Мазкур танлов инновацион ва барқарор бизнесини яратиш бўйича аниқ ва янги ғояларга эга бўлган ёшларга малакали мутахассислар билан тажриба алмашиш имкониятини беради. Иштирокчилар ўзлари яшайдиган ҳудудда аҳолига фойда келтирадиган инновацион лойиҳалар билан иштирок этиши лозим. Мамлакатимиз ҳудуди билан боғлиқ бўлган масалалар ва эҳтиёжларга ижтимоий, атроф-муҳит ҳамда жамиятга фойдали бўлган ғоялар орқали ўз ечимини топиш керак.
– Ҳозир Лондон метрополитен университети ташкил этган ушбу лойиҳа оммалашган бўлиб, стартап ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлайдиган ягона дастур саналади, – дейди Бирлашган Қироллик элчиси Кристофер Аллан. – Ушбу университетнинг стартап акселератори Европа минтақасида энг йирик ҳисобланиб, ўтган йиллар мобайнида умумий даромади 21 миллион фунт стерлингни ташкил этди. Бу орқали 170 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, 14,2 миллион фунт стерлинг сармоясига эга бўлган лойиҳалар амалга оширилди.

Ўзбекистондан 2019 йилнинг 1 февралига қадар кўрик-танловда иштирок этиш учун 230 га яқин лойиҳа топширилди. Лондон метрополитен университети мутахассислари улар орасидан 23 лойиҳани иккинчи босқичга саралаб олди. Муаллифлар ўз кўникмаларини ривожлантириб, танловнинг кейинги босқичларига тайёрланади.






