Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташаббуси билан “Тараққиёт стратегияси” марказида Россиянинг “Главэкспертцентра” ташкилоти бош эксперти Вера Скоробогатова билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда Ёшлар иттифоқи фаоллари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг хорижий ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш бўлими мутахассислари, Россиядаги олий таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, таълим чегара билмайди. Айни пайтда дунё бўйлаб 6 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар хорижий давлатларда олий таълим олмоқда. Уларнинг аксарияти турли соҳаларда илмий тадқиқот ишларини ҳам олиб боришяпти.

Асосий масала эса хорижий давлатларнинг дипломини олиб келган, юртимиз иқтисодиётига, ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшадиган талабаларнинг ҳужжатини нострификация қилиш, яъни тан олишдир. Ҳозирда жараён билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим инспекцияси шуғулланиб келяпти.
— Ўтган 2018 йилнинг ўзида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига 2,5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди, — дейди Педагог кадрлар сифати назорати, таълим ҳужжатларини легаллаштириш, тан олиш ва нострификация қилиш бош бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров. — Уларнинг кўпчилиги қўшни Қирғизистон, Тожикистонда таълим олиб келган ёшлардан иборат. Албатта, мурожаат эгаларининг ҳаммасини тўғридан тўғри меҳнат бозорига тавсия қилиб бўлмайди. Чунки у ерда сифатли кадрлар бўлиши керак. Умуман олганда, Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган тартиб ва низомга кўра, жараён амалга оширилиб келинади. Шунинг учун синовлар орқали фаолиятга рухсат берилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг декабр ойида Таълим инспекцияси вакилларидан иборат делегация Россия Федерациясига бориб, Фан ва таълим соҳасини назорат қилиш федерал хизмати мутахассислари билан биргаликда “Таълим ҳужжатларини, малакавий ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш бўйича ҳукуматлараро Битим” лойиҳаси тайёрланган.
Ушбу лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси томонидан имзолангандан кейин амалиётга татбиқ этилади. Натижада бир қатор муаммоларга барҳам берилади.
Битимнинг имзоланиши икки давлат ўртасида таълим ҳужжатларини тўғридан-тўғри тан олинишига замин яратади. Ўзбекистонлик ёшларимиз мактабни битирганлик ҳақидаги шаҳодатнома билан Россиядаги олий таълим муассасаларида тўғридан тўғри ўқишини давом эттириши мумкин бўлади.
Очиқ мулоқот сўнгида тадбир қатнашчилари ва ижтимоий тармоқлар орқали келган саволларга эксперт Вера Скоробогатова томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.
Гўзалхон ОХУНОВА






