АсосийJamiyat

Жамиятда газеталарга талаб бор, фақат...

'Жамиятда газеталарга талаб бор, фақат...'ning rasmi

Газеталар обунаси, яъни келажаги шу қадар кенг муҳокама бўлдики, айрим ҳамкасбларимиз бир-бирини сўкишишгача, ҳақоратлашгача борди. Биров ён беришни истамас, чала, тўмтоқ фикрлар орасида ҳақиқат кўринмай кетарди.

Аммо 2019 йил ахборот бозорида сарак саракка, пучак пучакка ажралгани рост. Аввал обуна туфайли (бугун мавзу эски бўлса-да, шу сўзни ишлатмасликка қарор қилдим) хотиржам кун кечирган газеталар энди қийин аҳволга тушди, айримлари ёпилди.

Ижтимоий тармоқларда баҳс ва тортишувлар жараёнини кузатдик ва кузатмоқдамиз. Аммо бугун бошқа жиҳатга эътибор қаратмоқчиман.

Аксар мутахассислар газеталарнинг умри тугади, энди ҳар қандай уриниш бефойда, деган узил-кесил тўхтамга келди. Аммо бу тугал фикр эмасди. Ҳақиқатан, узоқ йиллар “Даракчи” газетасига ўзбек сариқ матбуоти асосчиси, илғори, шоу-бизнес ахборот майдони сифатида қараб келинди ва ҳануз фикрида собитлар талайгина.

Бир вақтлар бошқа газеталарнинг ҳам давру давронида 250 минглик довондан ошган “Даракчи” сўнгги йилларда 60-70 мингга тушиб қолганди. Онлайн нашрлар кескин ошган бир пайтда тираж камайиши табиий ҳолат туйилса-да, барча газеталар сингари эртами-кечми“Даракчи”нинг ҳам ўша жарликка қулаши ойдинлашарди... Албатта, ўз ахборот бозорида у ҳамон етакчи, адади салмоқли эса-да аудиторияси қисқариб бораётгани таҳликали эди.

...Яқинда “Даракчи”ни варақлаб, ўша стереотиплар кўз ўнгимда остин-устун бўлди, гўё. Ўзим шу соҳада фаолият юритсам-да, анча бўлганди, газетани кўрмаганимга.

“Даракчи”нинг ҳажми ошибди, шоу-бизнес деярли йўқ, бўлса ҳам охирида бир-икки саҳифа, бошдан-охир, залворли мақолалар, ҳафтанинг энг муҳим хабарлари таҳлили, саволларга жавоблар, диний, тиббий, тарихий, ҳуқуқий саҳифалар... бирор бетини ўқимасдан кета олмайсиз!

Бир вақтлар мен ҳам ўша “сарғимтил” матбуотда ишлаганман. Давлат нашрларининг “отахон журналистларию корчалонлари” бизга беписанд қараб, нопрофессионалликда айблашарди.

Йиллар суронида давлату нодавлат газеталар чирпирак бўлди. Ҳамма оқим бўйлаб, якунга қараб сузиб кетаётган бир пайтда “Даракчи” ҳамон одимламоқда, газетага ҳануз талаб бор!

Айтиш керакки, охирги ойларда “Даракчи” адади мунтазам ошмоқда ва бугун 90 мингга етди. Ана, ишласа, “сариқлик” мақомидан қутилиб замон талабига мослашса, халқ кўнглидаги мавзулар, муаммоларни ёритиб, нафақат жон сақлаб турса, балки ривожланса ҳам бўлар экан-ку!..

Ҳа, “Даракчи”ни бир олиб, варақланг, қайси босма нашр бугун бундай кенг ҳажмда, талабгир ахборот етказаяпти?, дегинг келади шу пайтда эски нигоҳда боқувчиларга қарата.

Демак, “Тубдан такомиллаштириш, янада ривожлантириш, бўлиб ўтди, амалга оширилди...” каби шаблон гаплардан қочиш ва аниқ, тезкор маълумотни етказишда сариқ матбуотдан ўрганиш ҳам керак экан. Ҳамма гап бекор, ишласа, интилса газетага ҳали ҳам талаб бор.

Аброр Зоҳидов, журналист

ЎзАдан олинди.

    Бошқа янгиликлар