1

Ўзбек фильми халқаро кинофестивалда энг яхши болалар фильми деб топилди

ЖАМИЯТ 12.11.2014, 21:05
Ўзбек фильми халқаро кинофестивалда энг яхши болалар фильми деб топилди

Таниқли ўзбек кинорежиссёри Қамара Камолованинг «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмаси билан “Ўзбекфилм” киностудиясида тасвирга олинган “Унутма мени” бадиий фильми жорий йилнинг 1-7 ноябрь кунлари Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Лучезарный ангел» («Нур сочувчи фаришта») ХI халқаро хайрия кинофестивалида Россия Федерацияси Ижтимоий-маданий ташаббуслар жамғармасининг “Болалар учун энг яхши кино” махсус совринига сазовор бўлди.

“Яхши кино қайтмоқда” шиори билан ўтказилган ушбу кинофестивалда дунёнинг 26 мамлакатидан 368 та тўлиқ ва қисқа метражли, ҳужжатли ва анимацион фильм қатнашди. Шулардан 83 та картина танлов дастурида, 61 таси эса танловдан ташқари дастурда иштирок этди.

Россия Федерацияси маданият вазирлиги, Москва шаҳар ҳокимлиги  ва бошқа бир қанча ташкилотлар ўтказган ушбу кинофестивалнинг ташкилий қўмитаси раиси “Россияда ўсиб келаётган авлоднинг маънавий-ахлоқий маданияти” мақсадли комплекс дастури васийлар кенгаши раиси, РФ ҳукумати раисининг рафиқаси Светлана Медведевадир.

www.uzbekkino.uz билдиришича, режиссёр Қамара Камолованинг «Унутма мени” бадиий фильми жорий йилнинг 13-18 октябрь кунлари Германиянинг Ҳемниц шаҳрида бўлиб ўтган болалар ва ўсмирлар фильмларининг 19-халқаро кинофестивалида “Томошабин эътирофи” совринига сазовор бўлган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1