7 март куни соат 10:00дан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида Uzcard тўлов тизимида носозликлар кузатила бошланди. Баъзи ҳудудларда эса тизим умуман ишламай қолди. Payme тўлов хизмати балансдаги маблағни кўрсата олмай қолди, тўлов терминаллар орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар кузатилди. Истеъмолчилар тизимдан фойдаланувчилар харид вақтида терминаллар орқали тўловлар амалга оширилишида муаммоларга дуч келишгани, турли иловалар орқали картадаги маблағни кўра олмаслик каби ҳолатлар тўғрисида маълум қилишди.
Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) матбуот хизмати изоҳ беришича, Uzcard тизими фаолиятидаги қисқа муддатли узилишларга Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида транзакциялар сонининг ошгани сабаб бўлди.
Айни вақтга келиб тизим барқарор ишламоқда.
«Байрам олдидан транзакциялар сони бир неча мартага ошди ва айрим терминалларда мунтазам узилишлар кузатилмоқда, транзакциялар секин кечмоқда. Бу 2−3 соат давомида кузатилади», дейилади Uzcard матбуот хизмати хабарида.
Маълум бўлишича, соат 10:00да Республика бўйича 464 288та транзакция амалга оширилган. Носозликлар сабабли соат 11:00да 281 087тага тушиб кетган.
"ЯУПМ узилишлар кузатилмаслиги учун барча имкониятлар ишга солинишини" қайд этиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 15 сентябрдан 17 сентябргача бутун республика бўйича ишламай қолганди. Натижада икки кун мобайнида миллионлаб ўзбекистонликлар харид қобилиятидан маҳрум бўлиб қолишди. Тизим ишдан чиқиши Ўзбекистондаги 18 миллиондан ошиқ пластик карта муомаласига таъсир кўрсатди. Ушбу носозлик оқибатида давлат, турли ҳисоб-китобларга кўра, уч кунда тахминан 27 миллиард сўм пул йўқотган. Ўша носозликлардан сўнг , Uzcard’га рақобатчи бошқа процессинг маркази ишга туширилиши маълум бўлганди.
Айни вақтда Humo бренди остидаги янги процессинг маркази фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.






