АсосийJamiyat

Бешта муҳим ташаббус – эртамиз эгалари истиқболи йўлида

'Бешта муҳим ташаббус – эртамиз эгалари  истиқболи йўлида'ning rasmi

Кейинги йилларда юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш,уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. 2017 йил 30 июнда ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшларнинг талаб ва истакларини бирлаштирган ҳолда фаолият олиб боряпти. Бу жараёнда “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун дастуриламал бўлмоқда.

Куни кеча Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига урғу берилди.

Айтиш керакки, турли зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги дунё манзараларида ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

Шу боис Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Президентимизнинг жорий йилда Сирдарё ҳамда Наманган вилоятларига қилган амалий ташрифи давомида мазкур ҳудудлардаги туман ва шаҳар кутубхоналарига бир неча юз минг нусхада бадиий адабиётлар етказиб берилди. “Маърифат карвони” ташкил этилди. Ёшлар учун 25 минг дона китоб, 80 турдаги спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари етказиб берилди.

Мазкур 5 ташаббус кенг жамоатчилигимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Эндиликда ушбу тажрибани юртимизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигига ҳокимликлар билан биргаликда туман ва шаҳарларда маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Ташаббускор истеъдодли ёшлар ва маҳаллий ҳомийларни жалб этган ҳолда, маданият марказларида бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва “Ёшлар клублари” ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Таниқли санъаткор ва истеъдодли ижодкорларни туманлардаги маданий ишларга кўмакчи сифатида бириктириш яхши натижа бераётганини инобатга олиб, бу тажрибани бутун мамлакатга ёйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Унга мувофиқ, таниқли артистлар туман ва шаҳарларга ижодий маслаҳатчи сифатида бириктирилиб, ўша жойларда маданият ва санъатни ривожлантиришга масъул бўлади, туман ва шаҳарлар ҳокимлари эса ушбу ишларга моддий ва ташкилий жиҳатдан ёрдам беради.

Мусиқа ва санъат соҳасида олий маълумотли кадрларни кўпайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларига муайян мавзулар бўйича тарих дарсларини музейлар, тарихий обидалар, қадамжо ва театрларда сайёр ўтказилишини ташкил қилиш топширилди.

Иккинчи ташаббусга доир масалалар муҳокама қилинар экан, диёримизда 12 мингдан зиёд спорт иншоотлари борлиги, лекин ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш даражаси етарли эмаслиги қайд этилди. Умумтаълим мактабларининг спорт анжомлари билан жиҳозланиш кўрсаткичи мамлакат бўйича 56 фоизни, жумладан, Сурхондарё вилоятида 12 фоизни, Хоразмда 14 фоизни, Қорақалпоғистонда 15 фоизни ташкил этади, холос.

Йиғилишда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларига мутахассислар билан биргаликда ёшларнинг спорт турларига қизиқиши ҳамда спорт иншоотларининг жиҳозланиш даражасини ўрганиб, шу асосда таклифлар бериш, Вазирлар Маҳкамасига уларни амалга ошириш учун зарур маблағлар манбасини аниқлаш вазифаси юклатилди.

Олис ва чекка қишлоқларда енгил конструкцияли сендвич панеллардан кичик спорт заллари ва сунъий қопламали майдонлар қуриш, ташаббускор тадбиркорларга спорт иншоотлари ташкил этиш учун ер ажратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай тадбиркорларга Ўзмиллийбанк томонидан “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Жойлардаги спорт мактабларига халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган таниқли спортчиларни раҳбар этиб тайинлаш, шунингдек, спортчиларни олий ўқув юртларининг махсус сиртқи бўлимларида мақсадли ўқитиш яхши натижа бериши қайд этилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари сонини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

Видеоселекторда ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар