Cўнгги 10 йилда мамлакатимизда босма ОАВ сони 1,5 баробарга, электрон ОАВ эса 7 баробарга ўсди. Умумий ҳисобда миллий медиа бозорида 1 минг 400 дан зиёд оммавий ахборот воситалари фаолият юритмоқда. Бунда 70 фоиздан ортиқ босма нашрлар, 60 фоиз барча теле- ва 85 фоиз радиоканаллар нодавлат ташкилотларидир.
Мазкур рақамлар жорий йилнинг 18 ноябрь куни бўлиб ўтган “Ахборот соҳасида бозор муносабатлари ва рақобат шароитида ОАВнинг эркинлиги кафолатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари” мавзусида илмий-амалий семинарда қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда медиа соҳанинг энг янги ва жадал ривожланаётган йўналиши маҳаллий интернет-нашрлар сегменти эканлиги таъкидланди. Жумладан, 1995 йил 29 апрелда “.уз” домени рўйхатдан ўтган бўлса, 2010 йил февраль ойига келиб 10-мингинчи веб-сайт рўйхатга олинган. 2014 йил сентябрь ҳолатига кўра, ушбу рақам қарийб икки баробарга ўсиб, 18,3 мингтадан ошди.
Халқаро илмий-амалий семинар якунида иштирокчилар шундай хулосага келди: матбуот эркинлиги кафолатлари кўп жиҳатдан ахборот соҳасида бозор муносабатлари, рақобатни ривожлантириш, уларнинг иқтисодий эркинлигини таъминлаш орқали амалга оширилади, бу эса уларнинг мустақил фаолият юритиши ва ривожланишининг манбаига айланиши керак ва бугун Ўзбекистон ахборот маконида ахборот органининг мулк шакли, адади, қамрови, мавзувий йўналишидан қатъий назар барча унинг иштирокчиларига соғлом рақобат учун барча зарур шароитларни таъминламоқда. Бу ҳақда UzReport хабар қилади.





