«Ўзэкспомарказ»да «Sport World Uzbekistan – 2014» ва «Болалик дунёси – 2014» халқаро кўргазмалари иш бошлади, деб хабар берди ЎзА.
Кўргазмалар «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси кўмагида «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуи томонидан ташкил этилди.
Тадбирда спортни ривожлантириш ва оммалаштириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим воситаси сифатида болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. 2014 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан Соғлом бола йили деб эълон қилингани ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Спорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида бугунги кунда мамлакатимизда 1500 дан ортиқ болалар спорти объекти фаолият юритмоқда. Бу объектлар асосан юртимизда ишлаб чиқарилаётган спорт инвентарлари билан жиҳозланмоқда. 120 турдаги спорт инвентари ва ускуналарининг 116 таси корхоналаримизда ишлаб чиқарилмоқда.
Мамлакатимиз спорт саноатининг сўнгги ишланмаларини ўзида мужассам этган ихтисослаштирилган «Sport World Uzbekistan» спорт ускуналари, анжомлари ва кийимлари кўргазмаси иккинчи марта ўтказилмоқда. Унда ўттиздан зиёд компания иштирок этаётир.
«Болалик дунёси – 2014» кўргазмасида болалар ва ўсмирлар учун турли товарлар – болалар адабиёти, ўйинчоқлар, ақлни чархлайдиган ўйинлар, санитария-гигиена воситалари, кийим ва пойабзал маҳсулотлари омма эътиборига ҳавола қилинган.
Кўргазманинг йирик бўлимларидан бири – «Болалар адабиёти» бўлимида «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Ғафур Ғулом номидаги, Чўлпон номидаги нашриётларда чоп этилган кенг турдаги болалар, ўқув ва уқув-услубий адабиётлар намойиш этилмоқда.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, халқаро кўргазмалар юртимиз ишлаб чиқарувчиларига ўз маҳсулотларини намойиш этиш, шунингдек, бошқа мамлакатларнинг спорт ва болалар товарларини тайёрлайдиган етакчи компаниялар вакиллари билан учрашиш, музокара ўтказиш, тажриба алмашиш ва узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйиш имконини беради.
20.11.2014 08:21





