АсосийDunyo

Хитой ОАВда Орол денгизи муаммосига бағишланган мақолалар эълон қилинди

Хитой Халқ Республикасининг марказий нашрларида 28-29 октябрь кунлари Урганч шаҳрида Орол денгизи ҳавзасида минтақавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган халқаро конференциянинг якунларига доир қатор мақолалар эълон қилинди, дея хабар беради uz24.uz нашри “Ҳалқ сўзи” газетаси расмий сайти маълумотларига таяниб.

Ана шундай мақолаларнинг бирида мазкур конференциянинг Марказий Осиё минтақаси учун энг мураккаб муаммолардан бири — Орол денгизининг экологик ҳалокати ва ушбу офат оқибатида юзага келган аҳоли генофонди ҳамда саломатлиги, турмуш шароити ва даражаси, Оролбўйининг ўсимлик ва ҳайвонот олами билан боғлиқ ўткир муаммоларни кўриб чиқишга бағишлангани алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, мақолада қайд этилганидек, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси 2013 йилдан буён БМТ, Европа Иттифоқи, етакчи халқаро ташкилотлар ва молия институтлари кўмагида Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича 300 дан зиёд лойиҳалардан иборат учинчи дастурни амалга оширмоқда ва бу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун 8,5 миллиард доллардан зиёд маблағни жалб қилиши зарур.

"БМТ Бош котиби халқаро донорларни Оролни қутқаришга даъват этди” сарлавҳали яна бир мақолада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун халқаро донорларни Орол денгизи экологик офатини бартараф этишда янада фаол қатнашишга чақиргани маълум қилинади. “Бугун Орол денгизи бутунлай йўқ бўлиб кетиш ёқасида турибди. Бу йўқотиш Ўзбекистон ва унинг ташқарисида истиқомат қилувчи миллионлаб одамларнинг ҳаётига ўз таъсирини кўрсатади”,  дейилади Пан Ги Мун мурожаатида.

Мақолада ШҲТ бош котиби ўринбосари Нурлан Аккошаровнинг ушбу мавзу бўйича берган баёноти ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Жумладан, бош котиб ўринбосарининг “Биз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси билан ҳамкорликка тайёрмиз... Чунки Орол биргина Ўзбекистоннинг муаммоси эмас, ШҲТ таркибига кирувчи Марказий Осиёдаги тўрт мамлакат учун Орол денгизи инқирози умумий фожиа ҳисобланади”, деган фикрлари қаламга олинган.

    Бошқа янгиликлар