ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ – БЕБАҲО ФАЗИЛАТ

ЖАМИЯТ 21.11.2014, 15:05
ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ – БЕБАҲО ФАЗИЛАТ

Ҳидоят сари

66-модда.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

(Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан)

Ҳар бир инсон фарзандининг зиммасидаги энг асосий бурчларидан бири шубҳасиз ота-онага нисбатан ҳурмат-эҳтиром саналади. Муқаддас оят ва ҳадисларда бу масалага такрор ва такрор мурожаат қилинган. Бу борада буюк аждодларимизнинг ҳам жуда кўп ўгит ва насиҳатлари бизгача етиб келган. Бироқ, ота-онанинг қадрияга етмайдиганларлар ҳар доим, ҳар замонда учраб туради.

Мактубдан иқтибос

Оқ фотиҳамизни қайтариб оламиз...”

“Ёшимиз етмишдан ошиб қолган. Ўн йилча илгари биттаю битта ўғлимиз хорижга бориб ишлаб келиш учун биздан оқ фотиҳа сўради. “Майли, ўзинг шуни танлабсан, биз йўлингга ғов бўлмайлик” деб ўғлимизни узоқ йўлга кузатдик. Аввалига орттирганини бизга, оиласига юбориб турди. Орадан икки у йил ўтиб, умуман биздан хабар олмай қўйди. Ҳатто уч фарзанд, хотинига ҳам пул юбормаяпти. Иккимизнинг пенсияимиз билан рўзғоримиз бир нави ўтиб туради. Эшитишимизча, ўғлимиз ўша ердан уйланибди, иккита фарзанди ҳам бор эмиш. Биз шу мақсадда ўғил ўстирганмидик? Эртага бизни ким сўнгги йўлга кузатади? Ҳар куни Худодан ўғлимизга инсоф сўрашдан бошқа иложимиз қолмади. Агар ўғлимиз ақл-ҳушини йиғиб, ортга, оиласига қайтмаса берган оқ фотиҳамизни қайтиб оламиз...”

А.В., Д.П. Қашқадарё вилояти

Ҳам қарз, ҳам фарз

Ҳар бир инсоннинг дунёга келиши, вояга етиши, комил инсон бўлиб тарбия топишида ҳеч ким ота-онанинг ўрнини боса олмайди. Шу боис, қадим-қадимдан хилқимизда ота-онани ҳурматлаш азалий қадриятларимиз қаторидан ўрин олиб келган. “Ота рози – худо рози”, “Ота-онанг иш буюрса, намозингни бузиб эт”, “Отанг ўтирган уйнинг томига чиқма” сингари мапқоллар ҳам бежиз айтилмаган.

Муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг Нисо сураси 36-оятида “...ота-оналарга эса яхшилик қилингиз”, дея марҳамат қилинади. Ушбу мазмундаги оятлдар муқаддас китобимизда жуда кўп. Шундан ҳам бу амал ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзларданбири экан, унга амал қилмаслик катта гуноҳ эканини англаш мумкин.

Бошқа ояти карималарда ҳар бир иймон-эътиқодли киши ота-онасига меҳр-муаббат сўраши баробарида, Аллоҳдан уларга шафқат ва марҳамат тилаш лозимлиги, улар кексайган чоғда ширин сўз ва мурувватни аямаслик, бирор марта бўлсин уларга қараб уф тортмаслик лозимлиги таъкидланган.

Отанинг ўн ҳақи

Муборак ҳадиси шарифларда фарзандларнинг ота-она олдидаги ҳақлари, бурчларига алоҳида эътибор қаратилган. Диний манбаларда келтирилишича, ҳар бир отанинг боласи устида ўнта ҳақи бор экан. Фарзанд мана шу ўнта ҳақни чиройли адо қилмоғи лозим:

1. Ота-онасига таом бериш.

2. Хизматларини қилиш.

3. Чақирганларида “лаббай” деб жавоб бериш.

4. Гуноҳ бўлмаган бир ишга буюрганида, итоат этиш.

5. Юмшоқ оҳиста гаплашиш.

6. Кийим олиб бериш.

7. Юрганда орқасидан юриш.

8. Ўзига раво кўрган нарсаларни отасига ҳам раво кўриши.

9. Ўзига раво кўрмаган нарсаларни отасига ҳам раво кўрмаслиги.

10. Дуо қилганида отасини ҳам қўшиб Аллоҳдан мағфират тилаши.

Бинобарин, ҳар биримиз ана шу ҳақларни мукаммал адо этмас эканмиз, ўзимизни комил иймон эгаси деб аташга ҳақли эмасмиз.

Уч йўл

Афсуски, ана шу ҳақларни ҳар ким ҳам адо эжтолмайди. Вақтида фарзандлик бурчини бажара олмасдан, охир-оқибатда умрини пушаймонлик билан ўтказадиганлар ҳам учраб туради.

Фақиҳлардан ота-онаси норози бўлиб ўтган фарзанд ҳақида, “унда ота-онасини рози қилиш имкони борми?”, деб сўрашганда “бу фақат уч йўл билан бўлади” деган эканлар.

1. Солиҳ бўлиши даркор.

2. Ота-онасининг яқин қариндошлари билан борди-келди қилиши зарур.

3. Уларнинг ҳақларига ҳар кун дуо-истиғфор айтиши лозим".

Яъни инсон ота-онасининг вафотидан сўнг ҳаром ишлардан воз кечиб, умрини эзгуликка бахш этса, ота-онанинг яқин қариндошлари билан алоқаларни узмаса, ҳар доим ота-онани яхшилик билан ёд этиб, уларнинг руҳини шод қилиб, улар учун Яратгандан мағфират тилаб турса, ота-онанинг руҳи бундай фарзандлардан рози бўлади, иншооллоҳ.

Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам ана шу фикрларни тасдиқлайди:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қиладилар: “Одам боласи вафот этганида фақатгина уч тарафдан номаи аъмолига савоб бориб туради:

1. Садақа ва эҳсонларидан.

2. Қолдирган илмидан.

3. Ўзидан кейин унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзандидан”.

Ҳар бир динда, ҳар бир халқда...

Ота-она ризоси Ер юзидаги барча динлар ва барча халқларда муқаддас бурч ва қадриятлардан саналади. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Аллоҳ таоло Тавротда, Инжилда ва Қуръонда, барча пайғамбарларга розилигим ота-онанинг ризосида, ғазабим уларнинг ғазабидадир, деган”.

Дарҳақиқат, дунёнинг буюк санъат ва адабиёт дурндоналарида ҳам ота-она даҳосига нисбатан беқиёс ҳурматни кўриш мумкин.

Шекспирнинг “Қирол Лир”, Бальзакнинг “Горио ота” асарларини эсланг. Буюк адиблар отага нисбатан ҳурмат ҳеч нарса билан ўлчанмаслигини гўзал тарзда таъкидлашган. Мопассаннинг “Соваж кампир” ҳикоясида она меҳри қанчалик қудратли экани тасвирланади.

Буюк мутафаккир ҳазрат Навоий асарларида ҳам бу масалага катта ўрин берилган. Фарҳод, Қайс сингари қаҳрамонлар сиймосида ошиқлар тимсоли яралган бўлсада, улар ҳеч қачон ота-она олдидаги вазифаларини унутиб қўймаганлар.

Бинобарин, ота-онага ҳурмат эҳтиром замон ва макон сарҳадларини тан олмайди.

Ҳикоят

Ҳазрати Мусонинг жаннатдаги қўшниси

Пайғамбарлардан бири Мусо (алайҳиссалом) кунларнинг бирида дуо қилиб: “Эй Аллоҳ! Менга жаннатда мен билан бирга бўладиган дўстимни кўрсат”, деб илтижо қилдилар.

Аллоҳдан ваҳий келиб: “Фалон шаҳарнинг фалон бозорига бор. У ерда бир қассоб бор, у жаннатда доим сен билан бирга бўлади”, деди.

Мусо (а.с.) бориб, ўша дўконни топдилар, кун ботгунча қассобни кузатдилар. Кун ботгач, қассоб бир парча гўшгни саватига солиб дўконидан чиқди. Мусо (алайҳиссалом) унинг олдидан чиқиб, уйингда бир кеча меҳмон бўлсам майлими, дедилар. Қассоб рози бўлди ва уйига олиб борди. Қассоб ҳалиги гўштдан мазали шўрва тайёрлади, сўнгра каптар боласи каби бир заифа кампирни саватда кўтариб келди-да, чиқарди. Таомни кампирнинг оғзига солиб, қорнини тўйғазди. Кейин кийимларини ювди, тоза кийим кийдириб, яна саватга қўйди.

Шу лаҳзаларда Мусо (а.с.) кампирнинг лаби қимирлаётганини кўриб қолдилар ва қулоқ тутдилар.

Кампир пичирлаб: “Ё Парвардигор! Ўғлимни жаннатда Мусо билан бирга қил”, деб дуо қиларди. Қассоб саватни бир қозиққа илиб қўйди. Мусо (а.с.): “Нима учун бундай қилдинг?” дедилар. Қассоб: “Бу аёл онам, қариб кучлари кетиб, ҳатто ўтира олмайдиган бўлиб қолганлар”, деди.

Шунда Мусо (а.с.): “Эй биродар! Сенга хушхабар бор. Мен Мусо пайғамбарман, сен эса менинг жаннатдаги қўшнимсан”, дедилар.

“Курагимга урсанг ҳам, юрагимга урма”

Ривоят қилинадки, бир юртда бир ота ва унинг ўғирликдла гумон қилиб қўлга олишди. Қози уларнинг ҳар бирига қирқ даррадан уриш ҳақида ҳукм чиқарди. Жаллод шу заҳоти қўлига қамчини олди ва аввал отанинг елкасига қирқ дарра урди. Отанинг елкаси қонталаш бўлиб кетса-да. Ҳолдан тойса-да, “миқ” этмай тураверди.

Энди навбат ўғлига етди. Бола ҳали ўн олтига ҳам тўлмаган, нимжонгина эди. Жаллод боланинг елкасини яланғочлаб, бир қамчи ургани заҳоти ота бор овози билан оҳ тортиб юборди. Унинг фарёди барчани ҳушёр торттирди. Қози унга юзланиб сўради:

“Эй, ғофил банда, ўзингни қирқ дарра урганимизда овозинг чиқмади. Нега ўғлингнинг елкасига қамчи тегар текмас, дод соласан?”

“Ҳазратим, - деди ота. – Олдинги қирқ дарра курагимга текканди. Чидадим. Буниси эса, юрагимга тегди, чидолмай дод солдим.

...Ҳа, отанинг меҳри, шафқатини ҳам ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмас экан...

Зиё” студияси билан ҳамкорликда тайёрланди

 

 

Шарҳлар

Меҳмон 20.12.2021, 15:45
zor
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1