1

Тайгада яшаш осонми?

ДУНЁ 24.11.2014, 09:05
Тайгада яшаш осонми?

“Тайга” сўзининг келиб чиқиши туркий тилларга бориб тақалади. Олтойликлар тилида у “тоғлар”, “олмахон” маъноларини англатади. Ёқутлар тилида “ўрмон” ва “узоқ масофа”, мўғул тилида эса “тоғлар занжири”, “тоғ ўрмони” маъносига эга. Бошқа туркий тилларда ҳам у “тов” – “тоғ” сўзи билан боғлиқ мазмунни билдиради.

Мутахассислар шимолий яримшардаги игнабаргли ўрмонлар ҳудудига “тайга” номини берган. Бу ҳудуднинг умумий майдони 9 миллион квадрат километрга яқин. Асосан арча, оққарағай, тилоғоч ва қарағай каби игнабаргли дарахтлар ўсадиган ушбу ўрмон минтақаси Европа, Осиё ва Шимолий Американинг шимолий қисмларини эгаллаган.

Тайга мўътадил намчил ҳудудда жойлашган. Бу ерларда игнабарг ўрмонлардан ташқари, ботқоқликлар ҳам бор. Улар Канада ва Сибирдаги ўрмонларда кўп.

Россиянинг энг катта ландшафт ҳудуди тайгадир. Европада эса Скандинавия яримороли ва Финляндия асосан шундай ўрмонлар билан қопланган.

Ўрмонлар ерига нур кам тушгани сабабли бу ерда буталар ва чангалзорлар яхши шаклланмаган. Европа шимолидаги тайгаларда арча, Канада ва Аляскада эса тилоғоч аралаш арча ўрмонлари, Урал тайгаларида қайин кўп ўсади. Сибир ва Узоқ Шарқ ўрмонларида бўлса, турли буталар ва тилоғочлар сийрак ерлашган.

Тайганинг ҳайвонот олами бой ва хилма-хил. Силовсин, қуён, буғу, бурундуқ, сувсар ва олмахон кўп тарқалган. Қушлардан калқур, булдуруқ, қарағайқарға кўп учрайди. Тайгада ҳайвонлар яшаши учун шароит тундрага нисбатан яхшироқ. Шу сабабли ўтроқ жонзотлар кўп. Дунёдаги мўйнали ҳайвонларнинг асосий қисми тайгада.

Евроосиё тайгаларини сайёрамизнинг “яшил ўпка”си дейишади. Чунки атмосферанинг пастки қатламидаги кислород ва углерод мувозанати айнан шу ўрмонларга боғлиқ. Атроф-муҳитни ҳимоялаш ва илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида Шимолий Америка ва Евроосиё тайгаларида бир қатор қўриқхоналар ташкил этилган.

Тайгалар ёғоч саноатининг хомашё манбаидир. Бу ерда кўмир, нефть, газ каби фойдали қазилмалар топилган ва қазиб олиняпти.

Минтақа аҳолиси асосан мўйнали ҳайвонларни овлаш, доривор гиёҳлар, ёввойи ёнғоқ, ҳўл мева ва қўзиқоринларни йиғиш, балиқчилик, ёғоч тайёрлаш ва чорвачилик билан шуғулланади.

Бу ерда аҳоли унчалик зич эмас. Турли элатларга мансуб тайгаликлар асрлар оша ўз ҳаёт тарзларини ўзгартирмай келяпти.Улар гарчи кўчманчи бўлса-да, бутун йилни тайгада ўтказади, шу ерда қишлайди. Бошқа кўчманчилар каби тайгаликлар ҳам ҳайвон териларидан тайёрланган чодирлар ва кўчма уйларда яшайди. Бу чодирлар ичига ўчоқ қурилади ва ўт ёқиб иситилади.

Бир-бир ярим ой давом этадиган ёз фаслидагина ердан қор кетади. Бу пайтда одамлар қиш ғамини ейиш билан овора бўлади. Мевалар терилади, ов қилинади. Бундан ташқари, уларга вертолётларда бошқа озиқ-овқатлар ҳам келтирилади. Хуллас, қишга захира тўпланади.

Тайгада ўтроқ аҳоли ҳам бор. Улар ёғоч уйли қишлоқларда яшайди. Бундай масканларда тайгаликларнинг фарзандлари ўқийдиган мактаб-интернатлар, тиббий муассасалар ҳам бор.

Аҳоли иқлим инжиқликларига қарамай, томорқаларида турли сабзавотлар ҳам етиштиради. Бироқ асосий маҳсулотлар “ҳаёт қайнаган” ҳудудлардан келтирилади. Ўтроқ аҳоли асосан ҳунармандчилик билан шуғулланади. Аммо сўнгги вақтларда шаҳарга кўчиб кетиш ҳоллари кўпайган. Чунки шаҳарларда иш топиш осон ва олий таълим олиш мумкин.

Геологлар, нефтъ-газ соҳаси мутахассислари ва овчилар эса, ишлаш учун тайгага келади. Махсус шаҳарчалар ва турар жой масканларида яшайдиган бу кишиларга озиқ-овқат вертолётларда ташиб келтирилади.

Тайгаликларнинг ҳаёт тарзи ҳақида ўқиган ёки эшитган киши: “Шундай шароитда ҳам яшаб бўладими?” деган ўйга бориши мумкин. Аммо улар кенгчиликда, табиат билан уйғун шаклда кун кечирадилар. Шу боис сершовқин шаҳар-қишлоқларда энг сўнгги техника ва ахборот воситалари ичида яшаётган кишилардан кўра бахтиёрроқ бўлсалар, не ажаб!


“Ҳидоят” журналининг 2014 йил 9-сонида чоп этилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1