АсосийDunyo

Британиялик ўқувчи «қора бозор»да 22 минг доллар ишлади

Британиялик 15 ёшли ўқувчи мактабда “қора бозор” ташкил этганлиги учун мактабдан ҳайдалиши мумкин, бироқ унга таниқли фирмада малака ошириш таклифи тушмоқда. Бу ҳақда “Mirror” газетасига асосланиб, “РИА Новости” хабар бермоқда.

Томми Роуз исмли бу ўқувчи мактаб яқинидаги майдончада тенгдошларига шоколад, чипс ва сақич сотиш орқали уч йил давомида 14 минг фунтга яқин (22 минг доллар) пул ишлаган. У ҳатто ўзига иккита ёрдамчи ҳам ёллаб, уларга кунига 10 доллардан ҳақ тўлаган.

Мактаб раҳбарияти Томмининг бундай “фаолияти” муассасада белгиланган “соғлом овқатланиш сиёсати”га зид эканлигини, шунингдек, унда савдо қилиш учун рухсатнома ҳам йўқлигини таъкидлаган.

Болакайнинг айтишича, у нуфузли бизнес коллежида таҳсил олиш учун пул тўплаётган экан.
Томми мактабда ширинлик сотишни бизнесга бағишланган “Dragons Den” ва “The Apprentice” телешоуларидан илҳомланиб бошлаган.
Ёш бизнесменнинг ота-онаси фарзандларининг бу қилмишини қоралашмади. Улар болакайнинг ақлли ва ҳалол йўл билан пул топганлигини айтишди.

Айни пайтда болакайга “Hiring-Hub” компанияси раҳбари Саймон Свон эътибор қаратмоқда. У ёш бизнесменга компанияда малака оширишни таклиф қилмоқда.

“Биз Томмига ҳақиқатан ҳам компаниямизда малака оширишни таклиф қилмоқчимиз”, – деди Саймон.

    Бошқа янгиликлар